ПРУ

Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги Элчихонаси афсус билан маълум қиладики, Ўзбекистон Республикасининг уч фуқароси: Ҳакимов Отабек Равшанбек ўғли (2001 йилда туғилган), Хусаинов Беҳзод Жамолиддин ўғли (2001 йилда туғилган) ва Солоҳиддинов Шерзод Шавкат ўғли (2001 йилда туғилган), Польша чегарасига кираверишда автоҳалокатга учради.

Даҳшатли фожиа натижасида Ҳакимов Отабек воқеа жойида вафот этди. Қолган икки ҳамюртимиз Львовдаги шаҳар касалхонасида.

Ушбу воқеаларни инобатга олиб, Ўзбекистоннинг Киевдаги Элчихонаси зудлик билан элчихона кўнгиллилари гуруҳи вакили, малакали шифокор Темурбек Юсуповни Львовгажўнатди. Унинг Львовга келиши бугун 5 март куни кутилмоқда.

Ҳакимов Отабекнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган ҳолда, жабрланган ватандошларнинг барча қариндошлари ва яқинларини ишонтириб айтамизки, Элчихона уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жумладан, дори-дармонлар билан таъминлаш ва Украинанинг етакчи шифокорлари билан маслаҳатлашиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширади.

Шунингдек Элчихона О.Ҳакимовнинг жасадини халқимиз анъаналарига мувофиқ мумкин бўлган энг тез вақтдаўз Ватанига жўнатиш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга оширади. Шу билан бирга, биз бу масалани ҳал қилиш мамлакатда олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатлар ва оммавий эвакуация туфайли мураккаблашаётганини тушунишингизни сўраймиз.