ift

Маълумки, жорий йил 24-26 март кунлари пойтахтимизда биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ) бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълумотига кўра, дунёдаги турли мамлакатларнинг ишбилармон ва сиёсий доиралари вакиллари форумнинг иштирокчи ва меҳмонлари бўлишади.

Айни пайтда форумда қатнашиш мақсадида дунёнинг 56 мамлакатидан 1,5 минг нафардан ортиқ киши, шу жумладан, хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари мурожаат қилди.

Форум халқаро кун тартибидаги муҳим воқеага айланади. Тадбир дастури панель сессиялари, алоҳида мавзуларга доир муҳокамалар ва давра суҳбатларига бой бўлади. Унинг давомида Ўзбекистон ва минтақа мамлакатларининг инвестициявий, савдо, саноат, транспорт ва транзит салоҳияти очиб берилади, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича навбатдаги тадбирлар ҳақида сўз боради, ҳукуматнинг мамлакатни стратегик ривожлантириш, хусусий секторни рағбатлантириш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва бошқа йўналишларидаги устувор вазифалари белгиланади.

Шунингдек, форумда Ўзбекистоннинг турли тармоқлари ва ҳудудларининг инвестициявий ва савдо имкониятлари, молия бозорини ривожлантириш истиқболлари, маҳаллий саноатни модернизация қилиш ва рақамлаштириш, савдони либераллаштириш ва мамлакатни минтақавий ва халқаро бозорларга интеграциялаш чора-тадбирлари тўғрисида тақдимотлар бўлиб ўтади.

Форум, шунингдек, муштарак мақсадларга жавоб берувчи лойиҳалар ва ташаббуслар доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболлари ва амалий жиҳатларини муҳокама қилиш мақсадида «G2G», «G2B» ва «B2B» шаклларида икки томонлама учрашув ва музокараларни ўтказиш учун самарали майдонга айланади.

Форум тадбирлари Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Youtube каналида (https://www.youtube.com/channel/UCx7K-H57jEeBloro7YH7bNQ/featured), шунингдек, Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларидаги вазирликнинг ахборот ресурсларида тўғридан-тўғри намойиш этилади. Дунёнинг исталган нуқтасидан Интернетга уланган ҳар қандай томошабин трансляцияни томоша қилиш имкониятига эга бўлади.

Форумда қатнашиш учун 20 мартгача http://www.iift.uz сайти орқали рўйхатдан ўтиш мумкин.