т.нарбаева

Танзила Норбоева,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси

Маълумки, 30 июнь — Халқаро парламентаризм куни сифатида кўплаб мамлакатларда кенг нишонланади. Бу кун нафақат дунёдаги парламент ва қонунчилик органлари ходимлари учун, балки Ер юзи аҳолиси учун ҳам катта байрам. Нега деганда, бу сана жаҳонда парламент тизимининг ўрнини ошириш ва бутун дунё аҳолисининг ҳаётини яхшилаш ҳамда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Ушбу сана тарихига назар ташлайдиган бўлсак, у Парижда ­Парламентлараро Иттифоқ тузилган кун, яъни 1889 йил 30 июнь билан чамбарчас боғлиқ. 2018 йил 22 майда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг сессиясида бу кунни Халқаро парламентаризм куни сифатида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Шу ўринда Парламентлараро Иттифоқ ҳақида қисқача маълумот бериб ўтиш мақсадга мувофиқ. Мазкур нуфузли ташкилотга дунё мамлакатларининг 179 парламенти аъзо бўлган. Мазкур тузилма глобал мулоқот майдони сифатида барча миллатлар ўртасида ҳамкорлик ва мулоқотни рағбатлантириб, тинч ва ҳамжиҳат келажакни таъминлашга қаратилган самарали қарорлар қабул қилиб келмоқда.

Мамлакатимиз 2017 йил 13 октябрдан ушбу ташкилотдаги аъзолигини қайта тиклаган бўлиб, ўтган давр мобайнида Олий Мажлис мазкур халқаро тузилма билан яқиндан алоқага киришган.

Юртимиз мустақилликка эришгач, давлат ҳокимиятининг энг муҳим институтларидан бири ўлароқ миллий парламентимиз демократик принциплар асосида ривожлана бошлади. Қонун чиқарувчи олий орган сифатида давлатимиз суверенитетини, фуқаролар тинчлиги ва ижтимоий ­барқарорликни мустаҳкамлашга, жамиятда демократик, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган қонунларни ишлаб чиқди ва қабул қилди.

Агар ривожланган давлатлар парламентлари шаклланиши тарихига қарайдиган бўлсак, унда ҳар бир тарихий даврнинг ўзига хос жиҳатлари, ҳар бир алоҳида мамлакатнинг ижтимоий ва давлат ҳаёти, миллий ­анъаналари, халқнинг ҳуқуқий маданияти ва сиёсий хоҳиш-иродаси намоён бўлганини кўришимиз мумкин.

Шу маънода айтиш мумкинки, сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ­раҳбарлигида жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳасини янада эркинлаштириш ва ислоҳ қилиш жараёнлари жадал давом ­этаётган бир даврда, ҳокимиятнинг халқ ­сайлаган вакиллик органлари — парламент, маҳаллий Кенгашларнинг мамлакатимиз ­ижтимоий-­сиёсий ҳаётидаги роли ва ­аҳамияти тобора ошиб бормоқда.

Ўтган даврда давлат ва жамият ҳаётидаги ўзгариш ва янгиланишларга ҳамоҳанг тарзда Сенатнинг давлат бошқарувидаги ўрни мустаҳкамланди.

Хусусан, Президентимизнинг алоҳида эътибори натижасида юртимиз тараққиётининг янги босқичида жадал ривожлана бошлаган ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар, туризм, соғлиқни сақлаш ва коррупцияга қарши самарали ку­рашиш каби жараёнлар Сенат қўмиталари фаолиятининг ҳам асосий йўналишлари сирасига киритилди. Шунингдек, хотин-қизлар ва гендер тенглик, ёшлар, спорт йўналишларида алоҳида қўмиталар ташкил этилиб, бу борадаги мавжуд муаммоларни ўрганиш ва бартараф қилишда парламент роли оширилди.

Давлатимиз раҳбари ўз фаолиятини бошлаган илк йилданоқ, Орол денгизи қуриши билан боғлиқ муаммоларни, Оролбўйи минтақаси аҳолиси турмуш шароитлари ва сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратди. БМТ бош минбаридан туриб мазкур масалага оид глобал таклиф ва ташаббусларни илгари сурди ва улар дунё ҳамжамияти томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланди.

Президентимиз ташаббуси билан Оролбўйи ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижросини жойига чиққан ҳолда ўрганиш, мутасадди вазирлик ва идораларнинг ҳисоботларини бевосита ҳудуднинг ўзида эшитиш амалиётини йўлга қўйиш мақсадида Сенатда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси ташкил этилди.

Асосан фаолиятини ҳудуднинг ўзида олиб борадиган ушбу қўмита томонидан Қорақалпоғистон Республикасидаги 700 дан ортиқ объектлар ўрганилди ва улардаги мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилди. Жумладан, ўтган йил давомида қарийб 9 трлн. сўм маблағлар ўзлаштирилиб, мингдан ортиқ лойиҳалар ишга туширилди, 8 мингдан зиёд янги иш ўринлари очилди. Шунингдек, 268,5 млрд. сўм маблағ ўзлаштирилиши ҳисобига 95 та лойиҳа муддатидан олдин ишга туширилиши, қўшимча 853 та иш ўрни яратилиши таъминланди.

Сўнгги 5-6 йил ичида мамлакатимизда очиқлик ва ошкораликни, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, улар устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, сўз ва фикр эркинлигини кафолатлаш бўйича тизимли ишлар уддаланди.

Хусусан, Президентимизнинг 2021 йил 16 июндаги Фармонида давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир бир қатор чора-тадбирлар белгилаб берилди. Жумладан, ушбу йўналишда парламент иштирокини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда юқори палата таркибида Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси ташкил этилди.

Қисқа вақт ичида мазкур қўмита деярли барча даражадаги давлат органлари ва уларнинг ҳудудий тузилмаларида ахборот сиёсати, очиқликни таъминлаш борасидаги ишлар ҳолатини танқидий ўрганди. Қўмита ташаббуси билан соҳага доир долзарб масалалар юзасидан парламент эшитувлари ўтказилди, Ҳукуматга сўровлар киритилди.

Албатта, мана шу янгиланишлар Сенатнинг мамлакатимизда сўнгги йилларда барча соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда фаолият ­юритиши ва уларнинг самарадорлигини ­таъминлашда фаол иштирок этиши учун катта имкониятлар яратмоқда.

Сўнгги йилларда Сенатнинг қонунчилик фаолиятига ёндашуви тубдан янгиланди. Ушбу йўналишда Сенат асосий эътиборини ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини яратиш ва янада мустаҳкамлашга қаратмоқда. 2010 — 2016 йилларда жами 179 та қонун қўриб чиқилган бўлса, 2017 — 2021 йилларда 341 та қонун парламент юқори палатасининг ялпи мажлисларида муҳокама этилди ва улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Такомилига етмаган, бугунги ­талабларга жавоб бермайдиган 10 дан ортиқ қонунлар рад этилди. Аввал бундай ҳоллар деярли кузатилмаган.

Қонунларни кўриб чиқишда, айниқса, ҳудудлар манфаатларини илгари суриш, уларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ масалалар устуворлигини таъминлаш мақсадида маҳаллий Кенгашларда ҳам қонунлар муҳокамасини ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилди. Маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар Сенатнинг масъул қўмитаси томонидан кўриб чиқилиб, кўп ҳолларда қабул қилинмоқда.

Шунингдек, Сенат қўмиталари Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан биргаликда турли тармоқлар фаолиятига доир, айниқса, ижти­моий хусусиятга эга амалдаги қонунларни мунтазам мониторинг қилиб бормоқда. Мониторинг натижалари умумлаштирилиб, Ҳукумат вакиллари иштирокида йилда икки маротаба кенг муҳокама этилмоқда. Шу тарзда, ўтган давр мобайнида 50 дан зиёд қонунлар ­тизимли таҳлил қилиниб, улардаги номувофиқликларни бартараф этиш, бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган нормаларни янгилаш бўйича таклифлар ишлаб ­чиқилди ва Ҳукуматга киритилди.

Айтиш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳасида очиқлик, ошкоралик муҳитини ­яратиш,  халқ ҳокимиятини мустаҳкамлаш, давлат бошқаруви органлари ҳисобдорлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу маънода, давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини кучайтириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини олиб боириш бўйича ваколатлари янада кенгайтирилди. Буни мамлакат ижти­моий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари, давлат раҳбарининг парламентга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган устувор вазифалар, жумладан, ҳар йилги давлат дастури ижроси юзасидан Ҳукумат ҳисоботини эшитиш ваколати қонунда мустаҳкамлангани мисолида кўриш мумкин.

Конституциявий ваколатлар доирасида Сенатда Ҳисоб палатаси ва Марказий банк бошқаруви раислари, Бош прокурор ҳисоботлари кўриб чиқилиши баробарида, бугунги кунда ­Омбудсман, Болалар масалалари бўйича миллий комиссия раиси, Ички ишлар, Адлия ва Ташқи ишлар вазирликлари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ҳокимлар ҳамда мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларининг ҳисобот ва ахборотлари эшитиб борилмоқда.

Шу ўринда бир жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтиш керак. Авваллари Сенатнинг ялпи мажлислари уч-тўрт ойда бир марта ўтказилган бўлса, сўнгги йилларда деярли ойига биттадан тўғри келмоқда. Нега деганда, юртимизда ўзгариш ва янгиланишлар жадал кетаётган бир пайтда кўплаб янги қонун ҳужжатларини қабул қилиш, амалдагиларини такомиллаштириш зарурияти юқори. Қолаверса, Сенат мажлисларида кўриб чиқиладиган масалалар қамрови ҳам сезиларли равишда кенгайди. Мана шу ҳисоботлар ҳам айнан ялпи мажлисларда қизғин муҳокама қилинади. Улар шунчаки, номига ўтказилмайди. Аввало, масалалар сенаторлар томонидан чуқур ўрганилади ва соҳадаги тизимли муаммо ва камчиликлар аниқланиб, сўнгра муҳокамага олиб чиқилмоқда. Натижада уларни ҳал этиш бўйича амалий чоралар белгиланиб, ижроси қатъий назоратга олинаётир.

Бугун жамиятимизда, давлат ташкилотлари фаолиятида “маҳаллалар кесимида ишлаш”, “халқ ичига кириш”, унинг “дардига қулоқ солиш”, “ташвишига шерик бўлиш” ва “муаммоларни жойида ҳал этиш” тамо­йиллари тобора мустаҳкамланиб бораётган бир даврда Сенат ҳам парламент назорати фаолиятини тўлалигича ҳудудлар, соҳа ва тармоқлардаги тизимли масалалар ечимига, жойларда аҳолини қийнаб келаётган долзарб муаммоларни ҳал этишга йўналтирмоқда.

Ҳар бир сенатор ўзи сайланган ҳудудга масъул этиб бириктирилган. Улар мунтазам равишда жойларда бўлиб, аҳоли билан бевосита мулоқотлар ўтказмоқда, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли давлат идоралари томонидан амалий чораларнинг белгиланиши ва амалга оширилишига эришиб келмоқда.

Агар 2010 — 2016 йиллар давомида Сенат томонидан 192 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган бўлса, 2017 — 2021 йилларда бундай тадбирлар сони 400 дан ошди.

Давлат бюджетини шакллантиришда ҳудудлар манфаатлари ифода этилишига устувор аҳамият қаратиляпти. Сенат томонидан ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш якунлари бўйича охирги икки йилда 4 мингдан зиёд муаммоли масалалар ҳал этиш учун Ҳукуматга киритилди. Улар асосида 2021 йил ва жорий йилги Давлат бюджети параметрлари ва инвестиция дастурлари ­доирасида қўшимча қарийб 10 трлн. сўм маблағ ажратилишига эришилди.

Бевосита Ҳукумат билан ҳамкорликда Боёвут, Бўстон, Олот, Қарши, Тўрақўрғон туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилди ва уларнинг ижроси доимий назорат қилиб келинмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида ушбу дастурлар ижроси ҳолатини ўрганиш асносида ўз вақтида бажарилмаган 200 дан зиёд вазифалар юзасидан Ҳукумат ҳамда тегишли ҳокимликларга аниқ топшириқлар берилди. Натижада мазкур ҳудудларда ижтимоий соҳа объектлари ва йўл инфратузилмасини яхшилаш мақсадлари учун республика бюджетидан қўшимча 110 млрд. сўм маблағ ажратилишига ­эришилди.

Назорат-таҳлил фаолияти доирасида парламент сўрови инс­титутидан ҳам самарали фойдаланилмоқда. 2020 йилдан шу кунга қадар муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар, жумладан, жойларда аҳолини қийнаб келаётган долзарб муаммолар юзасидан Ҳукуматга 30 га яқин парламент сўровлари юборилди. Авваллари ушбу имкониятдан деярли фойдаланилмаган.

Қайд этиш керакки, парламент сўровига фақатгина назорат шакли сифатида қарамасдан, балки унда кўтарилган муаммони ҳал қилишда Ҳукумат билан ўзаро амалий ҳамкорлик воситаси сифатида ёндашмоқдамиз. Қолаверса, сенаторлар томонидан юборилаётган юзлаб сўровлар ҳам ҳудудлардаги долзарб муаммоларнинг самарали ечим топишига хизмат қилаётир.

Парламент дипломатияси дунё мамлакатлари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, муаммоларнинг манфаатли ечимини топиш, низоларнинг олдини олишга хизмат қилади, шунингдек, халқаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини шакл­лантиради ва такомиллаштиради.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, сўнгги 5-6 йил давомида Ўзбекистон айнан мана шу йўналишлар бўйича ўз миллий манфаатлари ва ташаббусларини халқаро ­миқёсда янада самарали илгари суриш мақсадида парламентлараро алоқани ривож­лантирмоқда. Жумладан, Парламентлараро ­Иттифоқ, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси каби ­халқаро тузилмалар билан ўзаро ришталар янада мустаҳкамланди. Улар билан биргаликда бир қатор халқаро тадбирлар, форумлар, анжуманлар ўтказдик. Жумладан, Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик”, Самарқанд шаҳрида кенг жамоатчилик ва дин арбоблари иштирокида ташкил этилган “Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни ­таъминлашда парламентнинг роли” каби ­йирик халқаро форумларни бунга мисол қилиб келтириш мумкин.

Ўтган йили давлатимиз раҳбари­ ташаббуси билан Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти уюштирилиб, унга илк ­раисликни Ўзбекистон ўз зиммасига олди. Мулоқот доирасида 10 дан ортиқ тадбирлар ўтказилиб, 8 та якуний ҳужжат қабул қилинди. Уларда Марказий Осиё аёлларининг давлат бошқаруви, превентив дипломатия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, тадбиркорлик ва бизнес, маданият, таълим, фан, санъат, гендер тенглиги ва умуман, барқарор ривожланиш соҳаларида ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Мазкур формат айни пайтда гендер ­тенгликни таъминлаш масалаларида илғор тажриба ва амалиёт алмашинуви учун ­тўлақонли мулоқот майдони сифатида ­шаклланди ва Ўзбекистон унда етакчи ­ўринлардан бирини эгаллади.

Биз қисқа давр мобайнида бу борада тўпланган тажриба ва эришилган ютуқлардан келиб чиққан ҳолда, айнан шу форматдаги мулоқотни мамлакатимиз ичида ташкил этишга қарор қилдик. Асосий мақсадимиз аёлларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, истеъдоди ва қобилиятини рўёбга чиқариш, оналик ва болаликни ҳимоя қилишни давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида мустаҳкамлаб қўйишдан иборат.

Жорий йил бутун дунё парламентлари раҳбарлари — Спикер аёлларининг форумига Ўзбекистон мезбонлик қилади. Парламентлараро Иттифоқнинг ушбу қарорини мазкур йўналишларда олиб борилаётган ишларимизнинг халқаро эътирофи сифатида қабул қилиш мумкин.

Шунингдек, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган 25 та парламентлараро гуруҳ ва 2 та комиссия фаолияти йўлга қўйилди. Хусусан, Россия Федерал Мажлиси билан парламентлараро қўшма комиссия фаолияти қайта тикланди, АҚШ Конгрессида Ўзбекистон билан дўстлик гуруҳи тузилди.

Айни пайтда Туркий мамлакатлар Парламент ассамблеяси ва бошқа шу каби нуфузли халқаро парламент тузилмалари доирасида ҳамкорлик ривожлантирилмоқда.

Кейинги йилларда Президентимиз томонидан коррупция, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, хотин-қизлар масалалари, гендер тенгликни таъминлаш, халқаро рейтинглар билан ишлаш каби қатор долзарб йўналишларда тузилган миллий комиссиялар фаолияти бевосита Сенатга юклатилиши ҳам парламент юқори палатасига бўлган ишонч ифодасидир.

Бу йўналишларда мамлакатимизда сўнгги йилларда тарихий ислоҳотлар амалга оширилди. Мисол сифатида айтадиган бўлсак, биргина мажбурий меҳнатга, айниқса, болалар меҳнатига батамом бар­ҳам бериш бўйича бир қатор қатъий чоралар кўрилди. Аввало, бу борада 32 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, қонуний база мустаҳкамланди. Халқаро меҳнат ташкилотининг 19 та конвенцияси ратификация қилиниб, халқаро қоида ва стандартлар соҳа амалиётига жорий этилди.

Кўрилган ушбу чоралар ўзининг ижобий натижаларини берди. Кўплаб хорижий давлатлар ва халқаро тузилмалар мамлакатимизда мажбурий меҳнат, жумладан, болалар меҳнатига барҳам берилганини эътироф этди. Энг муҳими, жорий йилда “Cotton Campaign” деярли 13 йил давом этган Ўзбекистон пахтасига қарши бойкотни бекор қилди.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш бўйича ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, давлат бошқаруви тизими тубдан такомиллаштирилиб, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳамда унинг маҳалладан то ҳукумат даражасигача бўлган тизими яратилди.

Хотин-қизларнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳасида фаоллигини кучайтириш бўйича Миллий дастур тасдиқланди, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси тузилди.

Ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш мақсадида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди. 

Олий Мажлис палаталари ҳузурида ташкил этилган Ёшлар парламенти аъзолари ҳам ёшлар манфаатларини илгари суриш, улар ҳаётидаги долзарб муаммоларни парламент мажлислари кун тартибига олиб чиқиш ва Ҳукумат эътиборини қаратиш бўйича фаол иш олиб бормоқда.

Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилишини рейтинг асосида баҳолаш тизими йўлга қўйилиб, ҳудуд раҳбарларининг бу борадаги фаолиятини баҳолашнинг аниқ мезонлари ва тартиби ишлаб чиқилди. Мазкур тизим доирасида ёшлар билан ишлашда алоҳида намуна кўрсатиб, рейтинг бўйича ғолиб деб топилган ҳудуд ҳар йили 30 июнь — Ёшлари куни муносабати билан ўтказиладиган республика ёшлар форумига мезбонлик қилади. Ҳудуднинг ёшлар билан самарали ишлаш бўйича тажрибаси мамлакатимизда кенг оммалаштирилади.

Бугун мамлакатимизда “Кучли парламент ва халқ вакиллик органлари — Янги Ўзбекистоннинг таянчидир”, деган тамойил асосида халқ ҳокимиятини, пар­ламентаризмни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, сиёсий партиялар ролини кучайтиришга қаратилган ­ислоҳотлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда.

Шу кунларда мамлакатимизда муҳим сиёсий воқелик — парламент томонидан ишлаб чиқилган янгиланган Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтказилмоқда. Албатта, халқимиз ҳаётида, юртимизнинг янги тараққиёт босқичида бу жараённинг қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканини барчамиз яхши англаймиз. Шу маънода, ҳар биримиздан янада жипс ва ҳамжиҳат ҳамда фаол бўлиш талаб этилади. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, халқимизнинг ўзаро бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигида бетакрор юртимизда барқарор жамиятни, бардавом тараққиётни таъминлашга эришамиз.