мивт 300 млн

19 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун қўшимча рағбат бўлиб хизмат қиладиган “Ҳудудларда тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш механизмларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Гап ҳудудларда амалга оширилаётган тадбиркорлик лойиҳаларини катта миқдорда молиявий қўллаб-қувватлаш, ишбилармонлар ташаббусларининг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш ҳақида бормоқда.

Ҳужжатга кўра, республика тижорат банкларига Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан кичик бизнес субъектлари фаолиятини молиялаштириш учун 300 миллион доллар эквивалентида кредит линияси ажратилмоқда.

Лойиҳаси белгиланган мезонларга тўғри келадиган ҳар қандай тадбиркор кредит олиши мумкин, аммо имтиёзли кредит миқдори субъектнинг фаолият юритиб келган даврига боғлиқ бўлади.

Хусусан,

6 ойгача фаолият юритган тадбиркорларга - 1 млрд. сўмгача;

6-12 ой – 2 млрд. сўмгача;

1-2 йил – 3 млрд. сўмгача;

2-3 йил – 4 млрд. сўмгача;

3 йилдан кўпроқ – 5 млрд. сўмгача.

Имтиёзли кредитлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалардаги барча лойиҳалар учун ажратилади, бироқ юқорида қайд этилганидек, айрим мезонлар ҳам бор. Жумладан, ушбу ташаббус доирасида қурилиш, савдо, воситачилик соҳасидаги лойиҳалар, шунингдек, акцизости товарлар ишлаб чиқарувчилар, давлат корхоналари ва устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахсларга ҳамда айланма маблағларни тўлдириш ҳолатлари учун кредитлар берилмайди.

Мезонларга жавоб берадиган субъектлар эса йиллик 14%да, 5 йил муддатга (шу жумладан, 2 йиллик имтиёзли давр билан) кредит олиш имкониятига эга бўладилар.

Жорий этилган кредитлаш механизмининг муҳим жиҳатини қайд этиш зарур – кредит маблағларининг камида 70 фоизи Нукус шаҳридан, вилоятларнинг маъмурий марказларидан ва вилоят бўйсунувида бўлган шаҳарлардан ташқари ҳудудларда фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорларга ажратилади. Шу йўл билан, қишлоқ жойларда бизнес ва инфратузилмани ривожлантириш, иш ўринлари яратиш рағбатлантирилмоқда.

Зиммасига қабул қилинган ҳужжат доирасида ажратилган кредит линиясидан самарали фойдаланишни мувофиқлаштириш юклатилган Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳужжатдаги вазифаларни ижро этиш мақсадида қатор вазифаларни амалга оширмоқда. Хусусан, ҳудудлар кесимида ва тижорат банклари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда кредит линияси ресурсларининг ажратилишини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда, лойиҳа фабрикалари ва гуруҳлари томонидан тижорат банклари билан ҳамкорликда лойиҳа ва лойиҳаолди ҳужжатларни сифатли ишлаб чиқишни таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, жараённинг барча иштирокчилари томонидан кредит линияси маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш бўйича тизимли мониторингни амалга ошириш механизми жорий этилмоқда.

Турли хил кечикишлар олдини олиш мақсадида ҳужжат билан тегишли талабномалар келиб тушгандан кейин уч кун ичида сўралган ресурслар банкларда жойлаштирилиши белгилаб қўйилган.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу Қарори асосида молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш натижасида республиканинг асосан қишлоқ жойларида янги иш ўринлари яратилади, инновациялар ва янги технологияларни жорий этиш фаоллашади, янги замонавий ишлаб чиқариш объектлари ўз қувватларини ишга туширади.

Ўзбекистон Республикаси
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг
матбуот хизмати