а.саидов

2021 йил 14 декабрь куни “Замонавий конституционализм: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Барқарор ривожланиш маркази ҳамда Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамкорлигида Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги делегацияси кўмагида ташкил этилди.

Конституциявий ислоҳотлар — давр талаби

Маълумки, жорий йил октябрь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон Президенти сайловида барча номзодларнинг сайловолди учрашувларида электорат вакиллари томонидан мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш таклифи илгари сурилган эди.

Шу муносабат билан Президентимиз Шавкат Мирзиёев миллий ва жаҳон конституциявий тажрибасини чуқур ва пухта ўрганиш лозимлигини таъкидлаганди: “Агар дунё тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, туб бурилиш даврида кўпгина давлатларда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилганини кўрамиз. Шу сабабли, аввало, сенатор ва депутатларимиз, кенг жамоатчилигимиз, халқимиз билан яна бир бор маслаҳат қилиб, жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган Асосий Қонунимизни такомиллаштириш масаласини ҳам кўриб чиқишимиз керак”.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Конституциямиз мустақиллик йилларида эришган барча ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилди. Бир пайтнинг ўзида у яшаётган давримиз, халқимиз ва ҳаётнинг ўзи, ислоҳотлар талаби ва эҳтиёжидан келиб чиқиб такомиллаштириб борилади. Зеро, ҳар қандай демокртик ислоҳотлар мустаҳкам конституциявий-ҳуқуқий асосга эга бўлсагина бардавом ва самарали бўлади.

Ҳаракатлар стратегияси доирасида Конституциямизнинг 21 та моддасига 9 маротаба, 32 та ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Сайлов давридаги электорат таклифларини умумлаштириб, Президентимиз мамлакатимиз Конституциясининг 29 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригида Асосий Қонунимизни янада такомиллаштиришнинг 9 та йўналишини белгилаб берди.

Бўлажак халқаро Форумда иштирокчилар ушбу масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашадилар.

Конституция ва Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси

Аввало, таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ўзаро боғлиқ ва моҳиятан бир-бирини тақозо этувчи туб демократик сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлат ва конституциявий тизим, жамиятда сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий соҳаларда ўта муҳим ўзгаришлар кузатилмоқда.

Шу билан бирга, глобаллашув, рақамлаштириш, иқлим ўзгариши ва жадал ўзгариб бораётган ҳаёт мамлакатимизни янада модернизация қилиш, тинчлик, барқарорлик ва миллий мустақилликни мустаҳкамлаш борасида янги ва янги ечимини кечиктириб бўлмайдиган, ўта долзарб вазифаларни қўймоқда.

Шу боис ҳам Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ўта аҳамиятли ва жиддий вазифалар белгиланган. Мамлакатни модернизация қилишнинг етти йўналиши бўйича 50 дан ортиқ кодекслар, қонунлар, стратегиялар, концепция ва дастурларни қабул қилиш ва ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган, 100 дан ортиқ бошқа ташаббуслар илгари сурилган. Стратегия қонунчилик, ҳуқуқни англаш, ҳуқуқий тафаккур ва ҳуқуқни қўллаш тизимини, жамиятнинг сиёсий ва ҳуқуқий онгини умуминсоний қадриятлар ҳамда барқарор ривожланиш тамойилларига йўналтиради.

Жаҳон конституциявий жараёни: ХХI аср тажрибаси

Жаҳон амалиёти ислоҳотларни изчил амалга оширишда айнан жамият ва давлатни модернизация қилишнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эгалигини кўрсатмоқда.

Бугун дунёда бирор-бир Конституция илк бор қабул қилинган таҳририда сақланиб қолмаган. Биргина XXI асрда дунёнинг 90 га яқин давлатида конституциявий ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилди, 57 тасида янги Конституция қабул қилинди. Бу борада Конституцияга энг кўп ўзгартириш ва қўшимчалар киритган ўнта давлатлар сирасига Мексика, Янги Зеландия, Бразилия, Швейцария, Австрия, Исроил, Чили, Колумбия, Грузия ва Ҳиндистон киради.

Бунда турли мамлакатлардаги конституциявий ўзгаришлар асосан ташқи ва ички таҳдид ҳамда хатарларни инобатга олиб, уларга жавоб беришга қаратилганлиги билан ўзаро ўхшашлигини таъкидлаш жоиз. Замонавий конституциялар бундан юз йил олдин унчалик кўзга ташланмаган янгидан-янги — атроф-муҳит, гендер тенглиги, инсон, айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар, келажак авлод ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш каби масалаларни қамраб олган. Уларда, шунингдек, ахборотлашган жамиятни шакллантириш, шахсий рақамли маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш, илмий-технологик ва инновацион ривожланиш, тўғридан-тўғри электрон демократия ва халқ қонунчилик ташаббуси элементларини жорий этиш каби бошқа замонавий масалалар ҳам ўрин олган.

Конституциявий ислоҳот: мазмуни ва йўналишлари

Конституциявий ислоҳот бугунги ва истиқболдаги муваффақиятли ва барқарор тараққиётнинг зарурий ҳуқуқий шарти ва асосидир. Хусусан, у “самарали ва яхши бошқарув” тизимини жорий этишнинг муҳим воситаси сифатида ҳокимият тармоқлари ўртасидаги ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тизимини мустаҳкамлаш, ҳисобдорлик, очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни оширишга ёрдам берувчи конституциявий “қоидалар”ни ўрнатади. Бошқарув сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган ушбу ўзгаришлар сиёсий тизим барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодиётни ривожлантиришга фойда келтириб, натижада сармоя киритиш ва тараққиётни таъминлаш учун қулай ва барқарор муҳит яратади.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг ҳаётга тизимли ва изчил татбиқ этилиши демократик ислоҳотларни янги сифат босқичига олиб чиқмоқда. Бу, биринчи ўринда, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқаришни назарда тутади. Қайд этиш лозимки, “инсон қадри” — фуқароларнинг тинч ва хавфсиз ҳаётини, асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, босқичма-босқич муносиб турмуш шароитини таъминлаш ва замонавий инфратузилмани яратиш, мамлакатнинг ҳар бир фуқароси учун малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя ва соғлом экологик муҳитни яратиш демакдир.

Бунга, энг аввало, “Янги Ўзбекистон — халқчил ва инсонпарвар давлат” ғояси ва “инсон — жамият — давлат” тамойилини ҳаётга фаол татбиқ этиш, Президент, парламент ва ҳукумат ўртасида ваколатларни аниқ тақсимлаш, ҳокимиятлар бўлиниши тизимида ўзаро тийиб туриш ва мувозанатни мустаҳкамлаш, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантириш, замонавий халқаро ҳамжамиятда ўзининг муносиб ўрнини топиш орқали эришилади.

Фуқаролик жамияти институтлари, парламентаризм, кўппартиявийлик тизимини шакллантириш ва ривожлантириш ҳақиқий демократия тимсоли ҳисобланади. Тараққиёт стратегиясида жойлардаги муаммоларни ҳал этишда маҳаллий бошқарув ҳокимияти органларининг роли ва масъулиятини янада ошириш, давлат функцияларининг аксарият қисмини марказдан ҳудудларга ўтказиш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланган.

Хусусан, ҳудудларни ривожлантиришда маҳаллий Кенгашларнинг ролини ошириш, фуқаролик институтларининг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароит яратишга эътибор қаратилади. Биргина 2021 йилнинг ўзида маҳаллий Кенгашлар томонидан фуқароларнинг 29 мингдан ортиқ муаммолари ижобий ҳал этилганлигини инобатга оладиган бўлсак, улар фаолиятининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш “Халқпарвар давлат” ғоясини янада кенг ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилади.

Ўзини ўзи бошқариш институти ҳар қандай конституциявий тузум ва фуқаролик жамиятининг асосий устунларидан бири бўлса, оила жамиятнинг энг муҳим бўғинидир. Шу маънода, ушбу институтларнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлаш инсон, жамият ва давлат, маънавий-ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, фуқаролар фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ижтимоий давлатнинг Конституциявий концепцияси

Тараққиёт стратегиясида “Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат” принципини ҳаётга татбиқ этиш бўйича конституциявий нормани мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Бунда жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, “ижтимоий давлат” тушунчаси фақатгина “ижтимоий таъминот” билан чекланиб қолмайди, балки ижтимоий фарқлар (мулкий тенгсизлик, жамоавий, умумий неъматлардан фойдаланиш — таълим, соғлиқни сақлаш) ва низоларни (меҳнат ва капитал ўртасидаги ва бошқалар) минималлаштиришни ўз ичига олган кенгроқ талқинни талаб қилади.

Давлат — ижтимоий муносабатларнинг субъекти бўлган инсон муаммосини ҳал этиш масалалари устувор вазифага айланган, ижтимоий муаммолар ечимини топишда жамиятнинг барча сиёсий ва иқтисодий тизими иштирок этиши учун зарур шароитлар яратилган, шахснинг ижтимоий эҳтиёжларини ҳимоя қилиш учун норматив-ҳуқуқий база яратилган ва амалда фаолият кўрсатган тақдирдагина ижтимоий давлатга айланади. Шубҳасиз, давлат ўз фуқароларига ғамхўрлик қилиши шарт. Зеро, ижтимоий давлатнинг мазмун-моҳияти ҳам айнан шундан иборат.

Кучли ижтимоий сиёсатни олиб бориш ижтимоий муносабатлар тизимини тартибга солувчи ҳокимият институти бўлмиш давлатнинг табиатига хосдир. Бу моҳиятан давлатнинг ўз фуқароларига ижтимоий ғамхўрлигини назарда тутади. Бу вазифа масъулият ва мажбуриятга айланса, давлат ижтимоийлашади.

Ижтимоий давлат — бу бозор иқтисодиёти, турли пандемия ва эпидемиялар шароитида ўз фуқароларига маълум бир минимал фаровонликни кафолатлайдиган давлат. Бу — жамият тузилмасини ташкил этишнинг муайян бир шакли бўлиб, унда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий муносабатлар юқори даражада ривожланган бўлиб, унинг мақсади инсоннинг шахс сифатида имкониятларини тўла рўёбга чиқариш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш. Яъни давлат ўз фуқароларига, жумладан, пандемия шароитида ҳам ижтимоий кафолатлар тақдим этиши учун жавобгарлигини англатади.

Халқаро сиёсий ва ҳуқуқий қарашларда ижтимоий давлат ғояси ўз ифодасини икки асосий тушунчада акс этади — “умумфаровонлик ва хуррамликни таъминловчи давлат” (Буюк Британия) ва “ижтимоий ҳуқуқий давлат” (1949 йилда Германиянинг Асосий қонунида мустаҳкамланган). Кейинчалик ушбу ғоя 1958 йилда Франция Конституциясининг 1-моддасида ҳам мустаҳкамланган бўлиб, унда “Франция ажралмас, дунёвий, демократик ва ижтимоий Республикадир...”, деб таъкидланган. Ҳозирда “Ижтимоий давлат” атамаси Европа, Осиё, Африка, Лотин Америкаси давлатларининг кўплаб конституцияларида мавжуд. Бироқ, уларнинг аксариятида фақат “ижтимоий давлат” атамаси мавжуд бўлиб, унинг мазмун-мақсадлари тўлиқ ёритилмаган.

Асосий қонунларида фақат “ижтимоий давлат” ибораси мавжуд бўлган кўплаб мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Россия Конституциясида унинг мазмуни қуйидагича белгиланган: “Россия Федерацияси — сиёсатининг мақсади инсоннинг муносиб ҳаёти ва эркин ривожланишини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилган ижтимоий давлатдир”. Бир томондан, бундай таъриф сиёсий мақсад сифатида берилган бўлса, иккинчи томондан, унда ижтимоий давлатнинг устувор асослари: инсоннинг муносиб ҳаёти ва эркин ривожланиши кўрсатиб ўтилган.

Конституция ва хусусий мулкчилик

Хорижий мамлакатларнинг конституциявий ислоҳотларида “бирдамлик” тамойилини ҳаётга кенг татбиқ этиш, ҳуқуқий, ижтимоий давлат қуриш, адолатли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, инсон капиталини ривожлантириш орқали жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, адолатли фуқаролик жамияти — бу эркин шахслар жамияти бўлиб, бунда кучли ўрта мулкдорлар синфи мавжуд ҳамда инсоннинг ҳар томонлама камол топиши, фуқароларни эркин, жамиятнинг маданий, ижтимоий фаол ва қонун олдида масъулиятли аъзолари этиб тарбиялаш учун зарур моддий ва бошқа шарт-шароитлар яратилган. Шу маънода, конституциявий ислоҳотларда қуйидаги устувор масалаларга эътибор қаратилмоқда:

биринчидан, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш ва инсоннинг иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашнинг энг муҳим ва зарур шарти сифатида хусусий мулкнинг (жумладан, ер ва фойдали қазилмаларга нисбатан) дахлсизлиги ва ҳимояси тамойилларини амалга ошириш. Хусусий мулк дахлсизлиги устуворлигидан келиб чиқиб, давлат идоралари ахборотига ишониб мулкка эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини бузишга йўл қўймайдиган конституциявий-ҳуқуқий базани яратишга алоҳида эътибор қаратилади;

иккинчидан, суд фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш тарафдори бўладиган, ижро ҳокимияти органларини қонун доирасида ҳаракат қилишга мажбур қиладиган, жамият тараққиётига, биринчи навбатда, унинг иқтисодий равнақига хизмат қиладиган тизимни яратиш. Бундай тизим инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади. Биргина 2021 йилнинг ўзида Ўзбекистонда 6,5 мингдан ортиқ фуқаро ва тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди;

учинчидан, аксарият давлатлар конституцияларида хусусий мулк ҳуқуқи инсоннинг конституциявий ҳуқуқларидан бири сифатида эътироф этилган. Хусусий мулк ҳуқуқининг Конституция даражасида мустаҳкамланиши шу билан изоҳланадики, у нафақат шахс ва унинг оиласи ҳаётининг моддий фаровонлиги ва барқарорлиги манбаи сифатида муҳим аҳамиятга эга, балки фуқаронинг бошқа кўплаб конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини: қадр-қиммати (муносиб турмуш даражаси), эркин тадбиркорлик фаолияти, уй-жой, соғлиқни сақлаш, таълим, маданиятни ривожлантириш, эркин ҳаракатланиш ва бошқа ҳуқуқларини амалга оширишга ҳам хизмат қилади. Бунда хусусий мулк ҳуқуқининг алоҳида аҳамиятини инобатга олиб, замонавий конституцияларда ушбу ҳуқуқнинг ўзини белгилаш билан бир қаторда, кўпинча, хусусий мулк ҳуқуқининг механизмлари, яъни объектлари, субъектлари, ҳуқуқни амалга ошириш чегаралари ва имкониятлари, унинг чекловлари, кафолатлари ва ҳимоя қилиш усуллари ҳам кўрсатилади;

тўртинчидан, турли мамлакатлар конституцияларида нафақат хусусий мулкнинг субъектив ҳуқуқи, балки объектив ҳуқуқ институти сифатидаги хусусий мулкнинг энг муҳим белгилари, энг аввало, унинг бошқа мулк шакллари билан муносабатлари, хусусий мулкнинг ижтимоий хусусияти белгилаб қўйилган. Хусусий мулкнинг конституциявий институционализацияси унинг ижтимоий аҳамиятга эга бўлган фавқулодда омил эканлиги билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Хусусан, у конституциявий қадриятлар бўлмиш бир томондан ҳуқуқий ва демократик давлат, бошқа томондан эса ижтимоий давлат тушунчалари орасидаги мутаносибликни ўрнатишда улкан аҳамиятга эга.

Хусусий мулк ҳуқуқини ривожлантириш ва уни конституциявий-ҳуқуқий тартибга солишнинг энг муҳим замонавий тенденциялари қуйидагилардан иборат:

  • хусусий мулкнинг ижтимоий функциясини кучайтириш;
  • хусусий мулкнинг конституциявий ва ҳуқуқий кафолатларининг заифлашуви;
  • якка тартибдаги хусусий мулкнинг заифлашуви ҳамда жамият ва давлат ҳокимиятига катта таъсир кўрсатувчи корпоратив хусусий мулкнинг ўсиши;
  • конституциявий хусусий мулк ҳуқуқи объектлари доирасини кенгайтириш, жумладан, ахборотни хусусий мулк ҳуқуқи объекти сифатида конституциявий даражада мустаҳкамлаш;
  • хусусий мулкни конституциявий ва ҳуқуқий тартибга солишнинг интеграцияси ва дифференциациясининг уйғунлигини таъминлаш.

Тарихда хусусий мулк кафолатларини белгилаб берган конституциявий аҳамиятга эга бўлган биринчи ҳужжат Франциянинг 1789 йилдаги Инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари декларацияси бўлиб, унда хусусий мулк инсоннинг табиий ва ажралмас, муқаддас ва дахлсиз ҳуқуқи сифатида кўрсатилган. Декларациядаги мулк масалалари “инсон ва фуқаролик ҳуқуқлари” бўлимида акс эттирилган ва унинг 2-бандида шундай дейилган: “Ҳар қандай сиёсий бирлашманинг мақсади инсоннинг табиий ва ажралмас ҳуқуқларини таъминлашдир. Бу ҳуқуқлар эркинлик, мулк, хавфсизлик ва зулмга қаршилик кўрсатишни ўз ичига олади”.

Хусусий мулк, унга бўлган ҳуқуқ эркинлик ва хавфсизлик билан бир қаторда энг олий қадрият сифатида эътироф этилади ҳамда улар инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир. Бундан ташқари, Декларациянинг 17-моддасида: “Мулк дахлсиз ва муқаддас ҳуқуқ бўлганлиги сабабли, ҳеч ким ундан қонунда белгиланган ижтимоий заруратдан, адолатли ва олдиндан товон ундирилиши шарт бўлган ҳоллардан ташқари, маҳрум этилиши мумкин эмас”.

Ушбу Декларация 1946 ва 1958 йиллардаги Франция конституцияларининг Преамбуласига киритилган. Бироқ, Францияда хусусий мулк ўзига хос икки томонлама маънога эга, чунки бир томондан у конституциявий тушунча бўлиб, мулкнинг бошқа шакллари каби дахлсиздир, бошқа томондан эса жамият мулки хусусий мулкдан устун қўйилади.

Франциянинг ҳуқуқий ҳужжатларида ижтимоий давлат ғоясига қарши ўлароқ хусусий мулк дахлсизлигига нисбатан бир оз ноаниқ муносабат мавжуд. Конституцияда “Франция... ижтимоий республикадир. Бу барча фуқароларнинг қонун олдида тенглигини таъминлайди”. Ижтимоий давлат хусусий мулк чегараларини талқин қилишдан келиб чиқиб, жамият олдида тенгликни таъминлаш мажбуриятини олади. Шу муносабат билан бу борада Франция ва бошқа хорижий тажрибаларни чуқурроқ ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.

Конституция ва дунёнинг экологик муаммолари

Ҳозирги вақтда кўпгина ривожланган давлатлар глобал иқлим ўзгаришларини ҳисобга олган ҳолда ўз конституцияларига махсус экологик бўлимларни киритмоқдалар. Бунда Франция, Россия ва бошқа Европа давлатларининг экологик хартияларини Конституциянинг таркибий қисмлари сифатида қабул қилиш борасидаги тажрибаси қизиқарлидир.

Хусусан, конституцияларда экологик ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари мустаҳкамланган бўлиб, улар жамият ва табиатнинг ўзаро муносабатлари эҳтиёжларига мос келиши керак. Бу:

биринчидан, объектив шартлилик (ҳуқуқий тамойил табиатга, тарихга ва жамиятга мос келгандагина ҳақиқий деб тан олиниши мумкин);

иккинчидан, тарихий шартлилик (давлат сиёсати ва давлат тузумининг ўзгариши билан ҳуқуқий тартибга солиш тамойиллари ўзгаради. Агар илгари ер ва табиий объектлар давлатнинг мутлақ мулкида бўлган бўлса, кейинчалик улар фуқароларнинг хусусий мулкида бўлиши мумкин, яъни табиий объектларга нисбатан мутлақ давлат монополияси принципи ўзгартирилади);

учинчидан, тизимлилик (экологик ҳуқуқнинг барча тамойилларини умумий ҳуқуқий (конституциявий) тамойилларга, умумий қисм тамойилларига ва экологик ҳуқуқнинг махсус қисми тамойилларига таснифлаш).

Конституция: ахборотлашган жамият сари

Инсоният цивилизацияси ривожланишидаги замонавий тарихий босқичнинг энг муҳим характерли хусусияти — “рақамли” ва ахборотлашган жамиятнинг шаклланишидир. Ахборот ва билим ривожланиш, давлат тузилмаларини янада тежамкор ва самарали тузилмаларга айлантиришнинг стратегик омилларига айланмоқда.

Шу билан бирга, кўплаб давлатлар тўртинчи саноат инқилобига қадам қўяётган шароитда Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини амалда таъминлаш, шунингдек, ахборотлашган жамиятни шакллантириш мақсадида давлат томонидан ахборот технологиялари ва “рақамли конституциявий институтлар”дан фойдаланишни қўллаб-қувватлашнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқиш зарур.

Акмал САИДОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази директори.