с.сафоев

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ САФОЕВнинг “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳарририга интервьюси

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг тўртинчи — ИЖТИМОИЙ СОҲАНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ шарҳи

— Содиқ Солиҳович, Сиз билан ислоҳотларнинг янги босқичига ўтиш даври бошланиши арафасида суҳбатлашиб турибмиз. Қолаверса, ўтган беш йилда аҳоли бандлиги ва реал даромадларини ошириш, ижтимоий ҳимоя, хотин-қизларнинг жамиятда фаоллигини таъминлаш, арзон уй-жойлар қуриш сиёсати, илм-фан, ёшлар ҳаётидаги ўзгаришлар ҳақида гаплашишни мақсад қилганмиз.

Шундай экан, кўз олдимиздан ҳар биримизнинг ҳаётимизда рўй берган ўзгаришлар, онгимиздаги эврилишлар кечаётгани бор гап. Бир сўз билан айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда “катта сакраш” амалга оширилди. Келинг, суҳбатимизни мана шу жараёнда халқимиз фаровонлиги йўлидаги ислоҳотлар самарасидан бошласак.

 — Сизни эшита туриб, халқимизнинг “Эллик йилда эл янги”, деган доно мақоли ёдга тушди. Элни янгилаш ислоҳот талаб қилиши кундек равшан. Агар жаҳон халқлари тарихига назар солсангиз, ҳар бир тараққий топган давлатда кескин ривож ислоҳотлардан бошланган.

Энди бевосита Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳақида гапирадиган бўлсак, ўтган беш йилдан буён катта эврилишлар даврида яшаяпмиз. Бундан беш йил олдин халқимиз сайлаган Йўлбошчи — Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мисли кўрилмаган тарихий ютуқларни қўлга киритдик. Бу ўз-ўзидан бўлиб қолмади ёки биров четдан келиб қилиб бермади. Барчасига аввал бошданоқ тўғри, узоқни кўзлаб танланган Ҳаракатлар стратегияси асосида эришдик. Бу йўл осон бўлгани ҳам йўқ. Неча-неча бедор тунлар эвазига, халқ дардини эшитиш, маҳаллаларга тушиш, оилаларга кириш, асрий муаммоларни ҳал этишдек ниҳоятда залворли, ўз навбатида, мураккаб ижтимоий-иқтисодий, қалтис сиёсий шароитда амалга оширилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат ­Мирзиёев лавозимга киришиш тантанали маросимидаги нутқида алоҳида таъкидлаганидек, эндиликда мамлакатимиздаги барча даражадаги ҳокимият идоралари фаолиятида “Инсон қадри учун” деган устувор тамойил бош мезон бўлиб қолади. Давлатимиз раҳбари урғу бериб айтганидек, “биз бундан буён фаолиятимизни “инсон — жамият — давлат” деган янги тамойил асосида ташкил этамиз”.

Давлатимиз раҳбари адолатли ижтимоий сиёсат юритишни мамлакат ривожининг асосий мақсадлари ичида энг муҳим йўналиш сифатида билади. Бу ҳам бизнинг жуда катта ютуғимиз. Чунки халқимиз узоқ йиллар “ижтимоий сиёсат” тушунчаси нималигини билмай яшади, унинг фараҳбахш сезимларини ҳис қилмади. Фақат кейинги беш йилда “бўлар экан-ку”, деган уйғоқ кайфият билан яшаяпмиз.

Аслида эса ижтимоий соҳа — миллий хавфсизлик омилларидан бири. Бу борадаги жамият барқарорлигига асосий таҳдидлар жумласига даромадлар даражасидаги табақалашув, салбий демографик ўзгаришлар, ишсизлар сони ва меҳнат миграцияси ўсиши, саводхонлик пасайиши, иқтидорли ёшларнинг хорижга кетиб қолиши, бевақт ўлим, касалланиш, ногиронлик даражаси ёмонлашиши, эпидемиялар ва пандемияларнинг юзага келиши киради.

Бизнинг ўтган беш йилда эришган катта ютуқларимиздан бири ана шу таҳдидларга барҳам берганимиз бўлди. Бу биз юқорида тилга олган элни янгилаш сиёсатининг қўр олиши билан изоҳланади.

Энг асосийси, Президентимиз таъбири билан айтганда, бу ислоҳотлар ортга қайтмас тус олди. Бунга ўтган беш йилликда нафақат халқимиз, шунингдек, бутун дунё ишонди ва ­Ўзбекистондаги кенг кўламли янгиланишларга ҳавас билан боқмоқда.

Жорий йилги Президент сайловидан кейин Малайзиянинг “OIC TODAY” нашрида эълон қилинган мақолани ўқидим. Унда Шавкат Мирзиёевнинг сайловдаги муваффақияти замирида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида бажарилган катта ислоҳотлар ётганига урғу берилади. Бу даврда мамлакатда энг муҳим маъмурий-ҳуқуқий ва иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилгани эътироф этилади.

Дарҳақиқат, ўтган даврда Ўзбекистон шиддатли ислоҳотлар мамлакатига айланди. Узоқ йиллардан буён ­ечимини ­кутиб келган муаммолар ҳал этилди. Мамлакатда диний бағрикенглик, яқин-йироқ давлатлар билан дўстона ҳамкорлик муҳити шаклланди. Гендер тенглик сиёсати юритилиб, мажбурий меҳнатга барҳам берилди. Аҳолининг ижтимоий ҳимояси таъминланди. Буларнинг барчаси Ҳаракатлар стратегияси асосида заҳматли ­меҳнатлар эвазига бажарилди.

Бугун халқаро ҳамжамият ­мамлакатимиздаги бу ўзгаришларни ­“ЎЗБЕКИСТОН МЎЪЖИЗАСИ”, дея эътироф этмоқда. Бу ниҳоятда катта эътироф. Тарихда бор-йўғи беш йилда биз каби ислоҳотлар самарасини ёрқин ифода эта олган давлатлар кам топилади. Бунда, сўзсиз, Президентимиз ­Шавкат Мирзиёевнинг заҳматли меҳнати борлигини биз ҳам, дунё ҳам билиб турибди. Шу боис, яқинда ­Туркиянинг нуфузли “ANKASAM” нашри ­Ўзбекистон раҳбарини туркий ­дунёнинг етакчи давлат арбобларидан бири сифатида эътироф этди.

— Кейинги йилларда халқимиз дунёқарашида ҳам ижобий ўзгаришларни, жумладан, ҳаётга бўлган иштиёқ, ислоҳотларга дахлдорлик, келажакка ишонч ҳиссини сезяпмиз. Фикримизча, бу қутлуғ ҳодиса ҳам, аввало, инсонларнинг яшаш шароити яхшиланиб бораётгани билан изоҳланади. Аввал иқтисод, кейин сиёсат, деган ибора ҳам бежиз айтилмаган-ку. Шу маънода, ўзингиз юқорида таъкидлаган катта ижтимоий сиёсатнинг халқимиз ҳаётидаги ифодаси ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

— Агар Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид давлат дастурларини таҳлил қилсак, ижтимоий соҳага йил сайин кўпроқ эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўламиз. Мазкур далил ҳам янги Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида бунёд бўлаётганини яққол кўрсатади.

Биргина жорий йилда ёшларнинг тадбиркорлик ташаббуслари, стартап ва ғояларини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган кредитлар ҳажми 600 миллиард сўмни ташкил қилди.

Тижорат банклари томонидан ёш тадбиркорлик субъектларига 100 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдорда миллий валютадаги кредитлар йиллик 14 фоиз, хорижий валютадаги кредитлар эса йиллик 3 фоиз миқдорида 7 йилгача муддатга тақдим этилиши белгиланди.

Ишсиз аъзолари бор оилалар учун “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” тизими яратилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида имтиёзли кредитлар бериш, деҳқончилик билан шуғулланиши учун ер ажратиш каби имкониятлар кенгайтирилди. Дафтарларга киритилган фуқароларга фаолиятини бошлаши учун керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуролларини харид қилишга 7 миллион сўмгача субсидиялар ажратилиш амалиёти йўлга қўйилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида минглаб янги иш ўринлари яратилди.

Узоқ йиллар халқимизни уй-жой масаласи ўйлантириб келди. Аҳолини уй билан таъминлаш мақсадида 2017 йилдан бошланган ислоҳотлар самарасида ана шу муаммо ҳам барҳам топди. Бундан икки йил олдин ипотека тизими тубдан ислоҳ қилинди. Бунда аҳолига истаган уйни сотиб олиш имконияти яратилди. Ипотека дастурлари доирасида йилига ўртача 35 минг хонадонли уй-жойлар қурилмоқда.

Энг асосий ислоҳотлардан бири — Конституциямиз ишлай бошлади. Фуқароларимизнинг конституциявий ҳуқуқлари тикланди. Буни биргина прописка тизимидаги ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Миллий валютанинг ислоҳ қилиниши, нақд пул ва банк пластик карточкалари билан боғлиқ муаммолар ҳал ­этилиши кўплаб ижтимоий муаммоларга барҳам берди.

Она ва бола саломатлиги, тиббий хизмат, гендер тенгликни таъминлаш борасидаги катта ишлар бугун ўз самарасини бермоқда. Пировардида аҳоли ўртасида касалланиш кўрсаткичлари пасайиши ва умр узайишига эришилди.

Ёшларга оид давлат сиёсати янгиланди. Мажбурий меҳнатга чек қўйилди. Хуллас, Ҳаракатлар стратегиясининг ижтимоий аҳамияти ҳақида узоқ гапириш мумкин. Буларнинг барчаси кундалик ҳаётимизда ўз аксини топаётир. Ҳар куни кўриб, билиб турибмиз.

— Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили ҳам ниҳоясига етмоқда. Шу маънода, Ҳаракатлар стратегиясининг Ўзбекистон ёшлари ҳаётида тутган ўрни ҳақида қандай фикрдасиз?

— Луи Арагон “Ёшлар орзу қилади. Қарилар эслайди”, дегани каби биз ҳам ўрта авлод вакили сифатида ўтган ёшлигимизни эслаб, юртимиз ёшларига ҳавас қиламиз. Ўтган асрда ёшликнинг чеки бошқа эди. Бугунги Ўзбекистон ёшлари аввалги йигит-қизлар эмас. Уларнинг дунёқараши ҳавасли, орзу-интилишлари ҳавасли, Президент яратиб берган шароит ва имкониятлар ҳавасли. Улар янги ­Ўзбекистон ёшлари бўлгани учун ҳам ҳавасга арзийди.

Бугун Ўзбекистон нуфусининг 60 фоизини ёшлар ташкил қилади. Шунинг учун ёшлар масаласи янги Ўзбекистондаги давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Президентимиз томонидан 2016 йилда имзоланган биринчи қонун айнан “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун бўлгани ҳам бежиз эмас.

Мамлакатимизда кейинги 5 йилда ёшлар ҳуқуқлари ва манфаатларини кўзлаган 50 дан ортиқ қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани ушбу сиёсатнинг ёрқин исботидир.

Ҳукумат таркибида Ўзбекистонда ёшлар билан ишлашга масъул бўлган Ёшлар ишлари агентлиги фаолиятини бошлади. Олий Мажлис палаталарида Ёшлар парламентлари ташкил этилди. Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида 260 дан ортиқ ёш депутат фаолият юритмоқда.

Бутун дунё бўйича 30 ёшгача бўлган депутатлар улуши 2,6 фоизни ташкил этса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 6 фоиздан зиёддир. Биз бу кўрсаткични янада ошириш чораларини кўрмоқдамиз.

Шунинг учун Сенат Кенгашининг тегишли қарори қабул қилиниб, ҳудудлардаги ўғил-қизлар Сенат аъзоларига бириктирилди, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида Ёшлар парламенти вакиллари мактаби ташкил этилди, фаол ва ташаббускор ёшлардан иборат янги авлод захира кадрлари шакллантирилди. Сенат қарори билан ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизими жорий этилди.

Дунёда оч-наҳор, мактаб нималигини билмай ўтаётган болалар бор. Уларнинг орзуси қандайлиги ҳаммага аён: тушида ажални кўрмаса, тонгда уйғонганида иссиқ нон билан қуюқ қаймоқ бўлса, ота-онасидан ажраб қолмаса, бас...

Яратганга шукр, бугун бизнинг фарзандларимиз жаҳон чемпиони бўлишни, ўқиб-ўрганиб дунёни забт этишни орзу қилади. Бунинг учун барча асослар бор-да. Масалан, мамлакатимизда болаларнинг 100 фоизи мактаб таълими билан қамраб олинган, яқин йилларда мактабгача таълим қамровини 80 фоизга етказиш, битирувчиларнинг олий таълимга жалб қилинишини 60 фоиздан ошириш чоралари кўрилаётгани алоҳида таҳсинга сазовор. Зеро, XXI асрда ҳеч бир мамлакат таълим тизимини ривожлантирмай туриб тараққиётга эришиши мумкин эмас. Шунинг учун янги Ўзбекистондаги туб ислоҳотлар ҳам айнан таълим тизимига қаратилди.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофазага муҳтож талабаларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш мақсадида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар талаба учун Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий этилди.

Олий таълим муассасасида икки ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ўқиётган оилаларга таълим кредити бериш ва талаба томонидан ушбу кредитни ўқиш даври тугаганидан сўнг қайтариш амалиёти йўлга қўйилди. Олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони 25 фоиз ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сони 2 баробар оширилди.

Мамлакатимизда олий ўқув юртлари сони 140 дан ошди, 26 та хорижий олий таълим муассасаси филиали очилди. Ҳолбуки, 2016 йилда республикамиздаги олийгоҳларнинг сони 77 та эди.

Кейинги беш йилда олий таълимга қабул квотаси 3 баробар оширилиб, 182 минг йигит-қиз учун талаба бўлиш имконияти яратилди. Бу — умумий битирувчиларнинг олий таълимга қамрови 28 фоизга етди, дегани. 4 йил аввал шу рақам атиги 9 фоизни ташкил этарди.

Давлат грантлари 21 мингтадан 47 мингтага кўпайтирилди, эҳтиёжманд оилаларга мансуб 2 минг қизга бу йил олийгоҳларга кириш учун алоҳида грантлар ажратилди. Профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маоши 3,5 баробар оширилди. Ўқишга ҳужжат топшираётганлар ҳам 2 баробар кўпайди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг таълим олиши ва касб эгаллашига кўмаклашиш, оғир касалликка чалинган болаларни даволаш мақсадида Болаларни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилди ва унинг мақсадлари амалга оширилишини молиялаштириш учун давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратилди.

Ҳукуматнинг тегишли қарори билан давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, забардаст ёшликни қўллаб-қувватлайдиган бу тизим қачон бўлган ёки қайси ривожланган давлатда бор?! Навоий, Бобур ва жадид боболаримиз орзу қилган шу кунлар эмасми?!

Сир эмас, айрим ёшларимиз хорижга ишлаш учун кетади. Шу ёшларимиз ҳам ўйнаб кетмаган, ўйлаб кетган. Лекин Ўзбекистонда янги сиёсат бошлангунга қадар улардан ҳол сўрайдиган мард топилмади. Вазият шу даражага бориб етдики, ҳатто муайян муддат чет элда ишлаб, ҳалол пул топиб келган юртдошларимизни давлат ишига қабул қилмадик. Уларга бегона кўз билан қарадик.

Шавкат Мирзиёев ана шу вазиятни тубдан ўзгартирди. Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолияти такомиллаштирилди.

Ҳаракатлар стратегиясида ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ёшларнинг илмий ва стартап лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида илмий дастурни амалга ошириш учун илмий фаолиятга оид давлат дастурлари маблағлари ҳисобидан 50 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши, 2021 йилдан бошлаб иқтидорли ёшлар ўртасида “Академик ҳаракатчанлик” дастури ва “Бўлажак олим” танлови ташкил қилиниши, стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура ва докторантурага қабул квоталари босқичма-босқич оширилиши катта самаралар бериши шубҳасиз.

Мустабид тузум даврида ҳам, мустақилликдан кейинги йилларда ҳам мактаб ўқувчилари пахта далаларида “ўқиди”. Мурғак йигит-қизларимизнинг қўли қадоқ бўлиб, қалби пахта заҳмати билан улғайди.

Халқимиз Етакчисининг қатъий саъй-ҳаракатлари натижасида Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг барча шаклларига, хусусан, болалар меҳнатига чек қўйилди. Фикримиз тасдиғи сифатида АҚШ Давлат департаменти томонидан 2020 йилда эълон қилинган ҳисоботни ҳам келтириш мумкин. Унда ­“Ўзбекистоннинг ушбу муаммони ҳал қилишга қаратилган катта саъй-ҳаракатлари минтақадаги мамлакатлар учун янги стандартни белгилаб бермоқда”, дея алоҳида қайд этилиб, мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо ­берилган.

Яна бир эътиборли жиҳат, 2020-2021 йилларда мамлакатимизда биргина “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга киритилган бир қанча ўзгаришлар аниқ амалий натижалар берди. Хусусан, мазкур қонунга “давлат болаларни ғайриқонуний кўчиришнинг олдини олиш, шунингдек, уларни доимий яшайдиган мамлакатига қайтариш чораларини кўриши”, деган норма киритилган. Натижада давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Меҳр” номли 5 та операция ташкил қилиниб, Сурия, Ироқ ва Афғонистон ҳудудларида мураккаб вазиятда қолган 550 дан ортиқ хотин-қиз ва бола юртимизга қайтарилиб, уй-жой ҳамда иш билан таъминланди.

Шунингдек, юқоридаги қонунга “Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг турар жойга бўлган ҳуқуқлари кафолатлари”, деган норма ҳам киритилиб, биргина 2021 йилда давлат бюджетидан 120 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиб, 757 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола уй-жой билан таъминланди. Бу жараён келгуси йиллардаги давлат бюджетларида ҳам назарда тутилиши белгиланди.

Бундан ташқари, ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда меҳрибонлик уйларини деинституционализация қилиш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага ва оилавий шароитга яқинлаштирилган масканларга жойлаштириш ишлари бошланди.

Ёш оилаларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш ҳамда бу тизимнинг шаффоф тартибини жорий этиш мақсадида ҳукуматнинг “2021-2023 йилларда ёшлар уйларини қуришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Буларнинг барчаси мамлакатда ёшлар сиёсати мазмунан, шаклан ва моҳиятан ўзгаргани, Ўзбекистонда баркамол келажак улғаяётганидан хайрли муждадир.

— Кейинги йилларда мамлакатимизда она ва бола саломатлигини, умуман, халқимиз генофондини яхшилаш мақсадида катта ишлар амалга оширилди. Бу жараёнда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини таъминлаш масаласи ҳам четда қолмади. Айтинг-чи, мана шу икки жиҳат тараққиёт учун қандай хизмат қилади, нечоғлиқ аҳамиятли?

— Она ва бола саломатлиги ва хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини таъминлаш — тараққиёт ҳодисаси, соғлом цивилизация. Қандай давлат бўлишидан қатъи назар, агар шу икки муҳим масалани эътиборсиз қолдирса, сўзсиз инқирозга юз тутади.

Шу боис, бундан беш йил олдин иш бошлаган Ҳаракатлар стратегиясида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва гендер тенгликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган эди.

Кейинги йилларда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентнинг 2021 йил 26 июлдаги “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари таркибида 35 та туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилиши белгиланди.

Бундан ташқари, аҳолига давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори-дармон билан кафолатланган пакет доирасида тиббий хизмат кўрсатиш тизимини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш мақсадида “Кафолатланган пакет” тасдиқланди.

Ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган шахсларни қўшимча текширувдан ўтказмасдан туриб, улар ногиронлиги бўлган шахс, деб топилганда ногиронликни муддатсиз даврга белгилаш амалиёти йўлга қўйилди.

Пенсия ва нафақаларни тайинлашда фуқаролар учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисоблаш тизими яратилди.

Мамлакатимизда охирги беш йилликда бошқа соҳалар билан бир қаторда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга давлат томонидан ижтимоий-иқтисодий кўмак кўрсатиш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида ҳам бир қатор ижобий ислоҳотлар амалга оширилди.

Хусусан, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди, Олий Мажлис Сенати томонидан 2030 йилга қадар Ўзбекистон ­Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини тасдиқлаш ҳақидаги қарор тасдиқланди.

Уларда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланди. Қонун ҳужжатларидаги жинс бўйича камситилишга йўл қўядиган нормаларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида ушбу ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизаси ўтказилиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси тузилди. “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти, Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика ҳамда 28 та ҳудудий, туманлараро маркази ташкил этилди, республика ва ҳудудий Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари, Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси фаолияти йўлга қўйилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлим бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари — вилоят, туман (шаҳар)лар ҳокимларининг хотин-қизлар ­масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида ҳокимнинг ўринбосари мақомига тенглаштирилди.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилиб, давлат бюджетидан 512 миллиард сўм ажратилди.

Ўтган беш йилликкача оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларимиз кўзида оғир мунг бор эди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, фарзандларини ёлғиз тарбиялаётган, ижарама-ижара сарсон юрган, камига ногиронлиги бўлган аёллардан, ҳолинг қандай, деб сўрамадик. Уларнинг дарди ичида эди. Ҳатто қанчаси жонига қасд қилишгача бориб етди. Чунки оғир шароит ва умидсизлик гирдоби ҳар қандай иродали инсонни тамом қилади.

Президентимизнинг инсонпарварлик сиёсати туфайли шу даврлар ҳам ортда қолди. Бугун ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналар учун арзон уйлар қуриш ва уларга бериш тартиби жорий этилди. 124,6 миллиард сўм маблағ сарфланиб, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган
5 минг 500 нафарга яқин хотин-қизнинг уй-жой шароитлари яхшиланди. Шунингдек, 17 минг 740 нафарига 393,4 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди.

Ижтимоий-иқтисодий ҳимояга муҳтож 30 ёшдан ошган 883 минг хотин-қизга манзилли ёрдам кўрсатилиб, 1 триллион 950 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Уй-жойини таъмирлашга муҳтож, биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган 5 минг 140 хотин-қизга моддий ёрдам кўрсатилди. Нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган 11 минг хотин-қизга ижара компенсацияси тўлаб берилди, уларнинг 4 минг 769 нафари имтиёзли арзон уй-жой билан таъминланди.

Тиббий ҳимояга муҳтож 161 минг 578 нафар эҳтиёжманд хотин-қизга тиббий хизмат кўрсатилди. Уларнинг 3 минг 37 нафари вилоятлар марказлари ва пойтахтимиздаги ихтисослаштирилган клиникаларда ордер орқали бепул соғломлаштирилди. Оғир бемор бўлган хотин-қизлар республика миқёсидаги клиник касалхоналарга ётқизилиб, бепул операция қилинди.

Сўнгги йилларда ижтимоий-сиёсий ҳаётда хотин-қизларнинг фаоллиги салмоқли даражада ошди. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида хотин-қизлар улуши 32 фоиз, Сенат аъзоларининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий кенгашлар депутатларининг қарийб 25 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 26 фоизга, тадбиркорликда 25 фоизга етди. Раҳбарликка захирага олинганлар 2016 йилда 3 минг нафарни ташкил этган бўлса, 2021 йилда уларнинг сони 15 мингдан ошди.

Нафақат жамият ва давлат ҳаётида фаоллик, ташаббускорлик кўрсатган, балки яхши фарзандларни тарбиялаб вояга етказган аёллар, жумладан, уй бекалари учун илк бор “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилиб, 855 нафар (2019 йилда 290 нафар, 2020 йилда 287 нафар, 2021 йилда 278 нафар) хотин-қиз кўкрак нишони билан тақдирланди. Мана бу ҳам тарихимизда бўлмаган сиёсат эди.

Ҳозирги кунда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хотин-қизлар сони 365 минг нафар бўлиб, жами талабалар сонига нисбатан 47 фоизни ташкил қилмоқда. Уларнинг 144 нафари меҳрибонлик уйларидан келган, 1 минг 598 нафари “Темир дафтар”га, 993 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилган талаба-қизлардан иборат.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида меҳнат қилаётган ходимларнинг 41 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Жумладан, айни пайтда тизимда хотин-қизлар орасида 879 нафар фан доктори, 2 минг 208 нафар фалсафа доктори (PhD), 833 нафар профессор, 2 минг 24 нафар доцент барқарор фаолият юритмоқда. Шунингдек, 4 ректор, 56 проректор (ректор ўринбосари), 199 факультет декани ва декан ўринбосари лавозимлари аёлларга тегишли.

Республика бўйича соҳалар кесимида 3 йиллик маълумотларнинг таҳлилига кўра, талаба-қизлар улуши йилдан-йилга ортиб бормоқда. Магистратура босқичида ўқишини давом эттирган талаба-қизлар сони 2019 йил 4 минг 488 нафарни, 2020 йилда 12 минг 855 нафарни, 2021 йил 13 минг 600 нафарни ташкил этади.

Базавий тўлов-контракт асосида давлат олий таълим муассасасига қабул қилинган, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган 1 минг 431 нафар муҳтож қиз, боқувчиси йўқ ёлғиз аёллар учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳисобидан тўлов-контракт пуллари тўлаб берилди.

Мен ҳозир кўпроқ рақамлар билан гапирдим. Чунки ўтган йилларда бажарилган ишлар ҳақида айтганда, бу рақамларни келтирмасликнинг иложи йўқ эди. Энди саволингизга қўшимча жавоб сифатида яна бир мулоҳазани билдирмоқчиман. Қуръони каримнинг энг катта сураларидан бири “Нисо”, яъни “Аёллар” деб аталади. Бу сурада инсонлар аёлларга нисбатан адолатли бўлишга даъват этилади. Бунда ҳам буюк илоҳий ҳикмат мужассам.

Демак, хотин-қизлар, она ва бола саломатлиги бундан кейин ҳам доимий ­эътиборда бўлади, ислоҳотларимизнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолади.

— Дарҳақиқат, бу ислоҳотлар ҳар биримизнинг бош мақсадимиз сифатида белгиланган. Шу ўринда, якуний хулоса сифатида Ҳаракатлар стратегиясининг асл мазмун-моҳияти ҳақида ҳам фикрларингизни билмоқчи эдик.

— Шу саволингизга жавобни Амир Темур бобомизнинг қудратли салтанат бошқарувидаги сиёсатидан бошласам. Бобомиз халқчил мамлакат қуриш мақсадидаги йўриғида бундай ёзади: “Сармояси қўлидан кетиб қолган савдогарга ўз сармоясини қайтадан тиклаб олиши учун хазинадан етарли миқдорда олтин берилсин. Деҳқонлар ва раиятдан қайси бирининг деҳқончилик қилишга қурби етмай қолган бўлса, унга экин-тикин учун зарур уруғ ва асбоб тайёрлаб берилсин. Агар фуқародан бирининг уй-иморати бузилиб, тузатишга қурби етмаса, керакли ускуналарни етказиб бериб, унга ёрдам берилсин”.

Мана энди бир гапни айтсак бўлади. Президентимиз бундан беш йил олдин ишлаб чиққан Ҳаракатлар стратегияси ҳам ана шу олижаноб мақсадларни амалга ошириш йўлидаги катта сиёсат эди.

Ҳаракатлар стратегияси асосидаги ислоҳотлар сабабли Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати тубдан ўзгарди. Дунё давлатлари прагматик очиқ сиёсат юритаётган ва янги-янги ташаббуслар билан юзланаётган Ўзбекистонни таниди.

Мамлакатимиздаги халқчил ислоҳотлар жамиятимизда катта умидлар уйғотди. Бу сиёсат юртдошларимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда ва халқаро миқёсда ниҳоятда юқори баҳоланяпти.

Қолаверса, халқимиз шу йил ­октябрь ойида тарихий танлов қилди — ўз ­Президенти Шавкат Мирзиёевни иккинчи муддатга тўлиқ ишонч билан қайта сайлади. Бугун янги тараққиёт босқичига қадам қўймоқдамиз. Бу Президентимиз белгилаб берган Янги Ўзбекистон стратегияси асосида амалга ошади.

Катта мақсадларни кўзлаганмиз. Бу йўлда “Инсон қадри учун” тамойили бош мақсад қилиб олинган. “Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил барча ислоҳотларимизни янги сифат босқичига олиб чиқувчи асосий мезон ўлароқ кун тартибига қўйилди. ­Тараққиёт стратегияси амалий ҳаракат дастури сифатида Ўзбекистоннинг янгиланган ички ва ташқи сиёсатини белгилайди ҳамда Учинчи Ренессанс тамал тошини қўйишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, бир жиҳатни англамоқ лозим: ислоҳотлар, агар улар чинакам ислоҳотлар бўлса, ҳеч қачон осон ўтмайди. Инсоният тарихи шуни уқтирадики, чуқур ислоҳотлар, айниқса, бошланғич босқичда, доимо муаммоларни, зиддиятларни кескинлаштиради. Ислоҳотлар учун вақт доимо тансиқ, улар ҳар доим таҳлика билан боғлиқ. Ўзгаришларни барқарорликка путур етказмасдан амалга ошира билиш энг катта муаммо ва катта санъатдир.

Биз ишонч билан айтамиз: узоқни кўзлаган бугунги шиддатли саъй-ҳаракатларнинг хайрли натижалари узоқ куттирмайди. Бир неча йилларда Тараққиёт стратегиясининг бугунгидан ҳам ёрқинроқ самараларини кўрамиз.

— Албатта, бунга ишончимиз комил. Мазмунли суҳбатингиз ва фикрларингиз учун раҳмат.

Салим ДОНИЁРОВ

суҳбатлашди.