logo_right.png

Даврийлик тамойилига амал қилган ҳолда вақти-вақти билан соҳталаштирилмаган, эркин ва адолатли, очиқ ва ошкора сайловларнинг ўтказилиши бу – мамлакатда демократик тараққиёт йўли танлаганлигининг ёрқин ифодасидир.

Сайловларнинг даврийлиги ва мажбурийлиги принципи Ўзбекистон қонунчилигида ҳам ўз аксини топган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасига асосан мамлакат Президенти фуқаролар томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади. Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати тўғрисидаги конституциявий қонунларнинг 5-моддасида тегишинча Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ваколат муддатлари — беш йил этиб белгиланган. Юқоридагиларга мувофиқ ҳар беш йилда Президент сайлови, давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайлов ўтказилиши шарт. Бундай ваколат муддатининг аниқ белгиланганлиги ва даврийлиги одатда жаҳон амалиётига тўғри келади.

Ушбу демократик тамойилга амал қилган ҳолда, Марказий сайлов комиссияси томонидан 2021 йил 23 июлда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш кунини белгилаш ва сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисида” қарор қабул қилинди. Қарорга асосан Президент сайлови 2021 йил 24 октябрь куни ўтказилиши белгиланди ва сайлов кампанияси 23 июлдан бошланганлиги эълон қилинди.

Эркин сайлов ҳуқуқи сайловчиларга ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчиларига ҳеч қандай таъсирсиз, зўравонликсиз, зўравонлик ишлатиш таҳдидисиз ёки бошқа ноқонуний таъсирсиз ўзининг сайловда иштирок этиши ёки иштирок этмаслиги хусусида қарор қабул қилиши, овоз бериш жараёнида ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши ва ҳеч қандай назоратсиз, яширин овоз бериши учун имкон беради. Бу принцип Сайлов кодексининг                          7-моддасида мустаҳкамланган.

Эркин сайлов ҳуқуқи сайлов жараёнининг иштирокчиларига, сайлов комиссияси аъзоларига сайлов натижалари ва овоз бериш натижалари қандай бўлишидан қатъий назар жазоланишдан ёки таъсир кўрсатишдан қўрқмасдан қонунда йўл қўйилган шаклларда ва қонуний усулларда қарор қабул қилиш имконини беради. Сайлов кодексимизга асосан сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органларидан, жамоат бирлашмаларидан ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга оширади. Сайлов комиссияларининг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Адолатли сайлов принципини татбиқ этиш учун мамлакатимиз сайлов қонунчилигида барча ҳуқуқий асослар яратилган. Бундай сайловлар сайлов жараёни барча иштирокчиларига сайловда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий шароитларни таъминлайди. Ушбу принципга кўра, ҳар бир фуқаро сайловда тенг асосларда иштирок этишга ҳақли ва ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлиб, бошқа фуқаролар билан тенг асосда ўзининг овоз бериш ҳуқуқини амалга оширишга ҳақли.

“Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси”нинг 21-моддасида шундай дейилган: “Ҳар бир инсон бевосита ёки эркин сайланган вакиллар воситаси орқали ўз мамлакатини бошқаришда қатнашиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир инсон ўз мамлакатида давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эга.”

Ўзбекистон Конституциясида мамлакатимиз фуқароларининг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгалиги, бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 7-моддасида сайловда эркин ва яширин овоз берилиши, сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмаслиги, яширин овоз бериш сайловчининг хоҳиш-иродаси устидан ҳар қандай тарзда назорат қилиш имкониятини истисно этадиган тегишли шароитларни яратиш орқали таъминланиши қатъий белгиланган.

Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари ва қадриятларига зид бўлмаган халқаро ҳуқуқда умумэътироф этилган демократик нормаларнинг миллий қонунчилигимизда акс этганлигини яна кўплаб мисоллар орқали ёритиш мумкин. Мамлакатнинг жаҳон миқёсидаги нуфузи кўп жиҳатдан унда амал қилаётган сайлов тизимининг очиқ ва ошкоралигига, халқаро ҳуқуқда умумэътироф этилган демократик нормаларга мувофиқлигига ҳам боғлиқ.

Демократик давлатчилик ривожида халқ билан жамият ўртасидаги муносабатлар бир шахснинг ёки бир гуруҳ шахсларнинг хоҳиш-иродаси билан эмас, балки қонун асосида тартибга солиниши муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун қонун устуворлиги демократик ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиларидан бири, деб эътироф этилади. Зеро, қонун устуворлиги мамлакатда адолатни таъминлашга хизмат қилади. Қонун устуворлиги принципи Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. 

Хулоса қилиб айтганда, инсонпарвар адолатли ислоҳотлари, очиқлик ва ошкоралик сиёсати, минтақада ва бутун дунёда тинчлик ва тараққиётни таъминлаш бўйича долзарб ташаббуслари туфайли халқаро ҳамжамиятда эгаллаган муносиб ўрни йилдан-йилга мустаҳкамланиб, нуфузи юксалиб, бутун дунёга ижобий имиджи билан танилаётган, миллий юксалиш сари дадил қадам ташлаган жонажон мамлакатимиз – Ўзбекистонда халқаро сайлов стандартларига мувофиқ, эркин ва адолатли, очиқ ва ошкора сайлов ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига старт берилди. Бу жараёнда фаол иштирок этиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз.

Худоёр МАМАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси котиби