миллий тикланиш

Бугун Ўзбекистонда ислоҳот ва инновациялар натижасида янги сиёсий муҳит вужудга келди. Биргина сайлов тизимини демократлаштириш борасида амалга оширилган қонунчилик ташаббуслари бунга ёрқин мисол бўла олади. Бу ташаббуслар фуқароларимизнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларини тўла рўёбга чиқариш имконини бериб, халқимизнинг давлат ва жамият ҳаётида янада фаоллик кўрсатишига туртки бўлиб хизмат қилмоқда.

Янги Сайлов кодексида энг муҳим демократик нормалар ўз аксини топган. Масалан, сайлов комиссиялари зиммасидан номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси олиб ташлангани бунга ёрқин мисол бўла олади. Чунки сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш борасида қонун билан тақиқ қўйилиши эркин ва демократик сайловларни ташкил этиш йўлидаги муҳим қадамдир.

Ушбу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясига старт берилди. Ҳозир сайлов кампанияси авжида. Чунки 20 сентябрдан сайловолди ташвиқоти бошланди. Бугунги кунда партиямиздан Президентликка кўрсатилган номзод Алишер Қодиров вилоятларда сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда. Партия сайлов штаби томонидан ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Сайлов кодекси нормалари асосида номзод ва унинг дастури ташвиқот қилинмоқда.

Таъкидлаш жоизки, сиёсий партиялар мамлакат ҳаёти ҳамда фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларидан фарқ қилади. Унинг давлат ҳокимиятини шакллантиришдаги ўрни ва роли ушбу сиёсий тузилмалар фаолиятини замон билан ҳамнафас ташкил этиш, янги сиёсий ғояларни илгари суриш, сиёсий куч майдонга келишига сабаб бўлган ижтимоий гуруҳнинг манфаатларини тадқиқ этиб, унга ечим излаш борасида қатъият билан ҳаракат қилишда намоён бўлади.

Шу боис, дунё ҳамжамиятида сиёсий партиялар фаолияти жамиятда эркинликни, мамлакатда демократия даражасини белгилайдиган муҳим омиллардан биридир. Айни шу жиҳатдан Ўзбекистонда туб ислоҳотлар амалга оширилганига гувоҳмиз.

Партия илк бор сайловларни ташкил этишда волонтёрлик тузилмалари билан мулоқотни йўлга қўйди. Партиянинг “Ёшлар қаноти” томонидан ташкиллаштирилган олий таълим муассасалари кўнгилли талабаларидан иборат “Кўмак” гуруҳи бунга ёрқин мисол бўла олади. Жорий сайловолди ташвиқоти давомида партия қатор волонтёрлик ҳаракатлари билан фаол ҳамкорлик олиб бормоқда.

Дарҳақиқат, бу йилги Президент сайлови янги қабул қилинган Сайлов кодексига мувофиқ ўтаётганини ва демократик талаблар асосида тайёрланган ушбу ҳужжатда Ўзбекистонда сайловларни ўтказиш бўйича ўтган йиллар мобайнида тўпланган ноёб тажрибадан олинган хулосалар ва таклифлар акс этганлигини таъкидлашни истардик. Бу борада Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Сайлов кодексини ишлаб чиқиш жараёнида сайловларда номзод кўрсатиш ҳуқуқи фақатгина сиёсий партияларга тегишли бўлиши билан боғлиқ таклифи инобатга олингани эътиборга молик.

Мазкур янгилик мамлакатимизда сиёсий партияларнинг ривожланиши учун катта имкониятдир. Негаки, кўпгина ривожланган демократик давлатлар сиёсий тизимида очиқ ва эркин ҳаракат қиладиган демократик куч, бу — энг аввало, сиёсий партиялар саналади. Қолаверса, ҳар бир партия муайян бир ижтимоий қатлам ташаббуси билан сиёсий майдонга чиқади. Қонунчиликни эса ана шу талаблар асосида такомиллаштириб бориш табиий ва зарурий жараёндир.

Эътироф этиш жоизки, янги Сайлов кодексида энг муҳим демократик нормалар ўз аксини топган. Масалан, сайлов комиссиялари зиммасидан номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси олиб ташлангани бунга ёрқин мисол бўла олади. Чунки сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш борасида қонун билан тақиқ қўйилиши эркин ва демократик сайловларни ташкил этиш йўлидаги муҳим қадамдир.

Жумладан, Сайлов кодексида:

— давлат органлари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари, Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари, судьялар, сайлов комиссиялари аъзолари бўлишлари ҳамда диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланди;

— сайлов натижаларини эълон қилиш муддати асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят қилиш муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилди;

— сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланишининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида улар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек, Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилди.

Аввалги сайловларда номзодларнинг сайловолди тадбирларида иштирок этиши учун унинг ишидан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда озод бўлиши, бу харажатлар сайловни ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган эди. Амалда эса сайловга ажратилган маблағлар бу харажатларга йўналтирилмасди. Шу сабабли, Сайлов кодексининг 41-моддасидан “сайловни ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан” деган сўзлар чиқариб ташланди. Эндиликда номзод сайловолди тадбирларида иштирок этиши учун иш берувчининг ҳисобидан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда озод этилмоқда.

Юқоридаги шу каби нормалар сайловни адолатли ташкил этиш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади, албатта.

Бугун электорат ўзгарди, сиёсий фаоллик жонланди. ОАВ ҳамда фуқаролик журналистикаси янги талаблар асосида фаолият юритаётган бир пайтда жамоат бирлашмаларининг рўйхати ва таснифида биринчи ўринларда қайд этиладиган сиёсий партиялар фаолиятида бу ўзгаришлар қай тарзда акс этмоқда, деган ўринли савол туғилади.

Шу жиҳатдан бу галги Президент сайловида “Миллий тикланиш” партиясининг иштирокини қисқа сатрларда қуйидагича ифодалаш мумкин:

Биринчидан, партия монологдан диалогга ўтди. Бунда қуйидан юқорига қадар сайловчини эшитиш, тинглашга устуворлик берилмоқда.

Иккинчидан, партия марказдан туриб эмас, халқнинг ичига кириб мулоқот қилишга киришди.

Учинчидан, жойларда юзма-юз учрашувлар ташкил этиш анъанага айланди.

Тўртинчидан, тўғридан-тўғри мулоқотлар ва дебатларнинг мунтазамлиги йўлга қўйилди.

Бешинчидан, партия фуқаролик жамиятининг муҳим элементи бўлган ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда сиёсатнинг янги йўналиши, яъни SMM политологиясини амалда қўллаш билан бирга, тизимларда ахборот гуруҳларини ташкил этгани ҳолда фаолиятга киришди.

Олтинчидан, бугун партия танқиддан қочмаяпти, балки бу борада сиёсий тарғибот учун давлат ва нодавлат ОАВда янги форматда минбарлар ташкил этилмоқда.

Еттинчидан, партия журналистлар, ижодкорлар, тадқиқотчилар ва блогерлар билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда. Айни кунда шу йўналишда маслаҳат кенгаши ўз фаолиятини амалга оширяпти.

Саккизинчидан, партия ўз матбуот нашрида сайлов жараёнларини ўзига хос инновацион ва креатив услубда кенг ёритмоқда.

Тўққизинчидан, партия камчиликларни тан олиш ҳамда уларни бартараф этиш борасидаги тарғибот йўлидан бормоқда ва бу, умид қиламизки, партиянинг сайловчи олдида муносиб қиёфасини шакллантира олишига ёрдам беради.

Ўнинчидан, партия жамият ривожига чин маънода ҳисса қўшишга хизмат қиладиган дастурларни тайёрлашда ўз электоратининг фикрларига кенг ўрин бермоқда. Ўтган давр мобайнида партия тизимида 4300 га яқин очиқ мулоқотлар, онлайн учрашувлар, дебатлар ташкил этилган.

Партия Президентликка номзод дастурини қорақалпоқ, рус, инглиз, тожик, қирғиз, қозоқ, туркман тилларида, лотин ва кирилл ҳамда брайль алифбосида, номзод ёки унинг ишончли вакиллари иштирокида бўлиб ўтадиган тадбирларни сурдотаржимонларни жалб этган ҳолда ташкил этмоқда.

Сайлов кампанияси жараёнида партия ўттизга яқин республика ва ҳудудий, элликка яқин ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. ЎзННТМА, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази, “Ибн Сино” жамоат фонди, Халқ табобати ассоциацияси, Тарихчилар жамияти, “Истиқболли авлод” ахборот маркази, “Ишга марҳамат” мономаркази, “Маҳалла ва оила” илмий тадқиқот институти, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Бобур” халқаро жамғармаси, “Олтин мерос” жамғармаси, “Нуроний” жамғармаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Автомотоҳаваскорлар кўнгилли жамияти, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, ўнга яқин спорт федерациялари шулар жумласидандир.

Алоҳида эътироф этиш жоизки, партия илк бор сайловларни ташкил этишда волонтёрлик тузилмалари билан мулоқотни йўлга қўйди. Партиянинг “Ёшлар қаноти” томонидан ташкиллаштирилган олий таълим муассасалари кўнгилли талабаларидан иборат “Кўмак” гуруҳи бунга ёрқин мисол бўла олади. Жорий сайловолди ташвиқоти давомида партия қатор волонтёрлик ҳаракатлари билан фаол ҳамкорлик олиб бормоқда. Бу йилги Президент сайловида улар жойларда ташкил этилган сайлов участкаларидаги партиянинг кўплаб кузатувчилари сафида. Қувонарлиси, волонтёрларнинг тенг ярми хотин-қизлардан иборат.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан кўрсатилган 54 нафар Ёшлар парламенти аъзолари, партиянинг вакиллик органларидаги хотин-қизлардан иборат “Депутат аёллар клуби”нинг 369 нафар аъзолари кузатувчи, Марказий ва ҳудудий кенгашлар қошида ташкил этилган “Фахрийлар кенгаши” аъзолари ваколатли ва ишончли вакил сифатида сиёсий жараёнларда иштирок этмоқда.

Юқоридагилардан хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, партия фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида кейинги 5 йил мобайнида республикамизда мавжуд ННТлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйди. Бунда, энг аввало, ўз ташкилий тузилмасида қатор ўзгаришларни амалга оширди ва самарадорликни таъминлашга қаратилган мавжуд инфратузилмани ислоҳ қилиш ҳамда янги ижтимоий институтларни шакллантиришга эътибор қаратди.

Депутат ёрдамчиси институти, “Депутат аёллар клуби”, Ёшлар парламенти ва “Кўмак” талабалар кўнгиллилар ҳаракати, “Фахрийлар кенгаши” каби тузилмалар сайлов кампаниясини Сайлов кодексига мувофиқ, очиқ-ошкора, манзилли ва мақсадли амалга оширишга хизмат қилмоқда.

Партия қошида ташкил этилган Ўқувуслубий марказ айни кунда сайловолди ташвиқот тадбирларини муваффақиятли амалга ошириш учун стратегик қарорлар қабул қиладиган, фаолиятнинг мониторингини амалга оширадиган ҳамда таклифлар ишлаб чиқадиган ақл марказига айланмоқда.

Ишончимиз комилки, ушбу саъйҳаракатлар “Миллий тикланиш”нинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида муносиб иштирок этишига хизмат қилади.

Феруза МУҲАМЕДЖАНОВА,

“Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари