Uzb OTS

2022 йил 11 ноябрь куни Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити бўлиб ўтади.

“Яқин кунларда кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг олий даражадаги биринчи саммити ўз ишини бошлайди, - деб ёзади эксперт. - Давлат раҳбарлари даражасидаги мазкур саммитлар Ташкилотнинг олий тузилмаси бўлиб, 2011 йилдан бошлаб ҳар йили бир маротаба ўтказиб келинмоқда.

Ўтган йили Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган саммитда Туркий кенгаш номини Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Ҳозир тузилма таркибида Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ҳамда Ўзбекистон каби мамлакатлар бор. Венгрия кузатувчи бўлса, Туркманистон бетараф давлат сифатида унинг доимий меҳмонидир.

Туркий давлатлар ташкилотининг мақсади – аъзо давлатлар ўртасида ўзаро фойдали ҳамкорликни ривожлантириш. Асосий вазифалари минтақавий ва икки томонлама ҳамкорликни рағбатлантириш, сиёсий, ҳуқуқий муҳофаза қилиш, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт, банк молия, маданий-гуманитар каби соҳалар ташкил этади.

Мазкур вазифалар ўтган йили 12 ноябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф этилган “Туркий дунё нигоҳи – 2040” истиқболли дастурий ҳужжатда ўз аксини топган. Ўшанда Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги бўйича тадқиқот марказини ташкил этиш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун транспорт ва транзит масалаларига алоҳида эътибор қаратиш, саноат кооперациясини кучайтириш каби таклифлар бир овоздан қўллаб-қувватланган эди.

Ҳозир ташкилотнинг диққат-марказида – аъзо давлатлар ўртасида транспорт алоқаларини таъминлаш, божхона ва транспорт тартибларини соддалаштириш масалалари турибди. Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотининг мамлакатлари билан транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият беради. Зеро, ушбу масала “Туркий дунё нигоҳи – 2040” стратегик ҳужжатида алоҳида ўрин тутади. Бундан ташқари, асосий эътибор мамлакатлар транспорт алоқаларини таъминлаш, божхона ва транспорт тартибларини, жумладан, рақамлаштириш орқали соддалаштиришга қаратилмоқда.

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган мамлакатлар транспорт хизматларига ҳақ тўлаш учун икки баравар кўп маблағ сарфлайди. Кўп ҳолда Марказий Осиё мамлакатлари учун транспорт харажатлари импорт қилинадиган товарлар қийматининг 60 фоизига етади.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг экспорт-импорт ва транзит алоқалари 9 та халқаро транспорт йўлаклари бўйлаб амалга оширилмоқда, улардан 8 таси камида мазкур ташкилотга аъзо бир мамлакат орқали ўтади. Ўзбекистон билан чегарадош 5 мамлакатдан 2 таси ташкилот аъзоси (Қозоғистон ва Қирғизистон) ва 1 таси давлат кузатувчи мақомига эга (Туркманистон).

Ҳозир жаҳоннинг аксарият давлатлари олдида кўндаланг турган муаммолар транспорт ва божхона соҳаларида кузатилмоқда. Шу боис ҳам ташкилотга аъзо давлатлар бошқа давлатларни ҳам божхона тартиб-таомиллари соддалаштирилган “Туркий йўлакка” интеграцияланишига чақирмоқда.

Негаки, Осиё орқали асосий жаҳон базорларига, жумладан, Хитой, Ҳиндистон, Покистон ва бошқа Осиё мамлакатларига, шунингдек, Озарбайжон ва Туркиядан Европа давлатларига чиқишни таьминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Бу йўналишларда транспорт йўлакларини ривожлантириш логистика инфратузилмасини яратиш бўйича йирик лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш умумий манфаатларимизга тўла жавоб беради. Ташкилотга аъзо давлатлар рақамли технологияларни жорий этишни кенгайтиришга интилиши рақамлаштириш соҳасида амалий ҳамкорликни янада ошириш, жумладан, электрон минтақалараро савдо ва товар биржасини биргаликда ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун шароит яратади.

Рақамли ечимларни Марказий Осиё мамлакатларини Хитой ва Жанубий Осиё минтақаси билан боғлаши мумкин бўлган қуруқлик кўпригига айлантиришга имкон беради. Бу эса, минтақа давлатларининг глобал таъминот занжирларига ва халқаро транзит юк ташувларига янада чуқурроқ интеграциялашувини таъминлайди”.

Иқтисодиёт фанлари доктори,
профессор Мавлуда Ирисбекова