т.нарбаева

Маҳалла раислари сайлови ҳуқуқий демократик давлат барпо этишда муҳим аҳамиятга эга.

Танзила НОРБОЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси

Сўнгги йилларда юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз янгиланмоқда, халқимизнинг турмуш даражаси сезиларли тарзда яхшиланмоқда. Буни халқаро миқёсда шарқона демократия мактабининг бетакрор намунаси сифатида тан олинган маҳалла тизимида амалга оширилаётган янгиланишлар ва ютуқлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Президентимиз ташаббуси билан махаллани қўллаб-қувватлаш, ҳар томонлама ривожлантириш ҳамда уни, чин маънода, аҳолига энг яқин тузилмага айлантириш бўйича салмоқли ишлар қилинаётгани, муҳими, уларнинг амалдаги самараси ҳозирданоқ, кўзга ташланаётгани барчамизга маълум.

Бугун маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрни янада ортиб, ушбу тузилма том маънода халқ ва ҳокимият ўртасидаги мустаҳкам кўприкка айланаётир. Одамлар ўз қувончу ташвишларини у билан бахам кўриб, муаммо ва камчиликларига ечим топмоқда. Шу билан бирга, маҳалла раисларининг эл орасида обрўси, мавқеи ошяпти. Очиғини айтиш керак, бир пайтлари махалла раисларининг ўз ҳудуди муаммоси нарёқда турсин, айрим ҳолларда одамларнинг оддий маиший муаммоларига ечим топишга хам “қўли калталик” қиларди. Бугунга келиб, чин маънода, давлат бошқаруви тизимида асосий бугин сифатида уларнинг ваколатлари, аҳоли муаммоларини бевосита ҳал қилиш борасидаги имкониятлари кенгайди.

Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашгаалоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада давлат бошқаруви органлари, ҳудудий кенгашлар ҳамда жамоатчиликнинг ҳамкорлиги йўлга қўйилган. Маънавий тарғибот ишлари ҳар бир маҳаллада, маҳаллабай усулида ташкил этилаётир.

Профилактика нозирлари маҳаллада туну кун осойишталикни сақлаш, жиноятчиликнинг оддини олиш бўйича самарали фаолият олиб боряпти.

Яқин келажакда маҳалланинг нуфузини ошириш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. Жумладан, маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари ваколатларини кенгайтириш, уларга аҳоли муаммоларини бевосита, тезкор ҳал қилиш борасица янада кўпроқ имкониятлар яратиш мақсадида маҳалла раисига маҳаллий Кенгаш мажлисида қурилиши мажбурий бўлган масалаларни киритиш ҳуқуқини бериш олдимизда долзарб вазифа сифатида турибди.

Юқоридаги фикр-мулохазалардан келиб чиқиб, ҳозирги кунда мамлакатимизда қизғин давом этаётган фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этишга ҳар қачонгидан кўра жиддий тайёргарлик кўрилди. Олий Мажлис Сенати Кенгашининг “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Барча ҳудудларда сайлов жараёнларини ташкил этишга кўмаклашувчи комиссиялар тузилди ва улар фаолият йўналишлари аниқ белгилаб қўйилди.

“Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонунга кўра, мазкур комиссиялар фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашга масъул сифатида ишчи гурухдар фаолиятини мувофиқлаштириб бормоқда.

Шу ўринда, мамлакатимиздаги мавжуд 9 минг 349 та маҳаллада сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлари тузилгани ва улар таркибига идора ва ташкилотлардан 86 минг 428 нафар раҳбар, депутат ва жамоатчилик вакиллари киритилганини ҳам таъкидлаш ўринлидир.

Мазкур ишчи гуруҳлар томонидан бажариладиган ишлар кўлами ва аҳамиятидан келиб чиқиб, бу тузилмалар сайлов жараёнида нечоғли муҳим ўрин тутишини тасаввур этиш қийин эмас. Жумладан, улар фуқаролар йиғини (фуқаролар вакиллари йиғилиши) ўтказиладиган сана, вақт ва жойни белгилаш, ховлилар, уйлар, кўчалар аҳолисининг фуқаролар вакиллари сайлови бўйича умумий йиғилишларини ташкил этиш, тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикрини инобатга олган ҳолда комиссияга тақдим этиш учун фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар бўйича таклифларни тайёрлаш каби муҳим тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

Албатта, бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси пировардида маҳалла раиси сайловини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишга, энг мухими, муносиб номзодларнинг сайланишига замин яратади.

Табиийки, сайловларнинг демократиктамойиллар асосида ташкил этилиши ва ўтказилиши баробарида, раислик лавозимига кимлар сайланиши жуда муҳим. Қонунга кўра, номзод Ўзбекистон Республикаси фуқароси, қоида тариқасида, олий маълумотли ҳамда бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган, ташкилотчилик қобилиятига, намунали меҳнат фаолияти, ҳаётий тажриба ва аҳоли ўртасида обрўга эга бўлиши хам талаб этилади.

Айтиш жоизки, тайёргарлик жараёнида Қонуннинг ана шу талабидан келиб чиқиб, энг муносиб юртдошларимизни номзод сифатида кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган мазкур жараёнга аҳолини тайёрлаш, уларнинг бу борадаги билим ва тушунчаларини бойитиш хам муҳим саналади. Шу маънода, ушбу жараённи ташкил этишга доир қонунчилик хужжатлари тўплами, услубий тавсия ва қўлланмалар 66 минг нусхада чоп этилиб, тарқатилди. “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида жойларда 9 минг 214 та тадбир ўтказилиб, уларда 2,5 миллионга яқин аҳоли қамраб олинди.

Шунингдек, сайловларни ҳар томонлама қулай ва шинам жойларда ўтказиш чоралари кўрилди. Умумий ҳисобда 9 минг 744 та яширин овоз бериш кабинаси, 11 минг 874 та овоз бериш қутиси ҳозирлаб қўйилди. Бир сўз билан айтганда, сайлов бўлиб ўтадиган барча масканларда аҳоли учун зарур шарт-шароит ва қулайликлар яратилди.

Бугун жамиятимизда, давлат ташкилотлари фаолиятида “маҳаллалар кесимида ишлаш”, “халқ ичига кириш”, унинг “дардига қулок солиш”, “ташвишига шерик бўлиш” ва “муаммоларни жойида хал этиш” тамойиллари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Барча даражадаги раҳбарларнинг ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, натижани таъминлаши улар фаолиятини баҳолашда бош мезон сифатида белгиланмоқда.

Зеро, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини ҳар томонлама яхшилаш, жамоат бошқарувида маҳалла фаолиятининг аҳамиятини ошириш, уни халққа амалий ёрдам кўрсатувчи мустақил, кучли ва таъсирчан фуқаролик институтига айлантириш вазифаси қўйилган.

Мана шу мақсадларга эришишимизда бугун биз сайлаётган маҳалла раислари етакчи куч бўлишини, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг якуний натижаси улар фаолиятининг самарадорлиги билан белгиланишини назарда тутсак, бугунги сайловлар жараёнига ҳар биримиз қанчалик юксак масъулият билан ёндашишимиз зарурлигини теран англаб етамиз.