в.норов

Ўзбекистон ТИВ раҳбари 15 июнь - ШҲТ ташкил топган кун муносабати билан “Дунё” АА мухбирининг саволларига жавоб қайтарди

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти - энг ёш тузилмалардан бири, бироқ ўсувчанлик билан ривожланиб бораётган халқаро ташкилот. 15 июнь куни ШҲТ тузилганига 21 йил тўлди. Ўтган давр мобайнида ушбу ташкилот маслаҳат механизми форматидан кенг қамровли давлатлараро бирлашмагача бўлган даражага юксалди.

Ўзбекистон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ташкил этилишида аввалбошданоқ иштирок этган, унинг изчил ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган ва қўшишда давом этмоқда. 2021-2022 йилларда мамлакатимиз ушбу нуфузли ташкилотга раислик қилаётир. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Ўзбекистон ташаббуслари, ушбу бирлашма билан ўзаро ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов “Дунё” ахборот агентлиги мухбирига сўзлаб берди.

- Ҳурматли Владимир Имомович, бизнинг саволларимизга жавоб беришга бажонудил рози бўлганингиз учун Сизга миннатдорлик билдирамиз. Қолаверса, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлигидаги устувор йўналишлардан бири бўлган ШҲТда Сиз 2019-2021 йиллар давомида Бош котиб лавозимида ишлагансиз. Марҳамат қилиб Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти бугунги кунда қандай тузилма эканлиги ва унинг халқаро майдонда қандай ўрин тутаётгани ҳақидаги фикрларингизни ўртоқлашсингиз...

- Аввало шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, нисбатан қисқа давр оралиғида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ривожланишнинг узоқ йўлини босиб ўтди ва глобал сиёсий ҳамда иқтисодий воқеликнинг ажралмас қисми бўлиб қолди.

Бугунги кунда ШҲТ дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот ҳисобланади. Унга аъзо мамлакатларнинг умумий ҳудуди 34 миллион квадрат километрдан ошади. Бу Евроосиё қитъаси ҳудудининг 60 фоиздан ортиғи, деган гап. ШҲТ мамлакатларининг умумий аҳолиси 3,2 миллиард кишини ташкил этади, бу - дунё аҳолисининг қарийб ярмидир.

Ташкилот 8 доимий аъзо давлатни, 4 кузатувчи ва 9 мулоқот бўйича 9 шерик давлатларни ўз атрофига бирлаштирган.

21 мамлакатдан иборат “ШҲТнинг катта оиласи” уч қитъани – Осиё, Европа ва Африкани қамраб олган. Шу билан бирга, бошқа мамлакатларнинг ушбу тузилма билан у ёки бу форматда ўзаро ҳамкорликка бўлган қизиқиши тобора ўсиб бормоқда.

БМТ ва унинг ихтисослашган ташкилотлари, АСЕАН, МДҲ, КХШТ, ЕАЭС, СВМДА, ОЭС сингари шерик ташкилотлари тармоғи изчил кенгайиб бораётгани ШҲТнинг халқаро обрў-эътиборини оширига кўмаклашмоқда. Ҳозирги пайтда Араб давлатлари лигаси ва бошқа қатор кўп томонлама тузилмалар билан алоқалар йўлга қўйилмоқда.

Бугунги кунда ШҲТ макони - улкан хом ашё захиралари, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар, малакали ишчи кучи ва инсон капитали, технологик салоҳият мавжудлиги нуқтаи назаридан ўзини ўзи таъминлайдиган минтақа ҳисобланади.

ШҲТга аъзо давлатлар иқтисодиётининг умумий ҳажми қарийб 20 триллион АҚШ долларини ташкил этади, бу эса ташкилот тузилган пайтдагидан 13 баробарга кўп. Ташкилотнинг макони дунёдаги энг кенг истеъмол бозорини англатади. Бугунги кунда ШҲТ аъзоларининг умумий ялпи ички маҳсулоти умумжаҳон кўрсаткичларининг қарийб ¼ қисмига етди. 2030 йилга бориб бу рақам жаҳон ялпи ички маҳсулотининг қарийб 35-40 фоизигача ортиши мумкин.

ШҲТ ўзининг амалий тадбиғини кутаётган улкан транспорт ва транзит салоҳиятига эга. Глобал таъминот занжирларини диверсификация қилиш шароитида Евроосиёда Шарқ-Ғарб ва Шимол-Жануб йўналишлари бўйича янги халқаро темир йўл ва автомобил йўлакларини яратиш моҳиятан стратегик аҳамият касб этмоқда.

Шуни унутмаслик жоизки, ШҲТ цивилизациялараро мулоқот ва маданий–гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун истиқболли платформа ҳисобланади. Ушбу йўналишнинг долзарблиги, айниқса, дунёда ишончсизлик ва антагонистик кайфиятларнинг кучайиб бораётгани шароитида айниқса ортаётир.

Ҳар бири бой тарих ва ноёб маданий меросга эга бўлган мамлакатларнинг бир ташкилот фаолиятида иштирок этиши Евроосиёда ўзаро тушуниш ва ҳамкорлик руҳини мустаҳкамлашга кўмаклашмоқда.

- Яхши маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё минтақасини Ўзбекистон ташқи сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши этиб белгилаган. Марказий Осиё минтақачилигини мустаҳкамлашда ШҲТнинг ролини қандай баҳолайсиз?

- ШҲТнинг пайдо бўлиши, биринчи навбатда, ХХ аср охирида биполяр тизим барҳам топганидан сўнг Марказий Осиёда янги вазиятнинг вужудга келиши, дунё мураккаб муаммолари ва олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатлари билан янги юзйиллика кириб келиши билан боғлиқ эди. Ўшандай мураккаб даврда Марказий Осиёдаги ёш мустақил давлатларнинг кўп қиррали янги таҳдид ва муаммоларга қарши туришида институцион миллийлашган минтақавий ҳамкорликка эҳтиёжи объектив ҳақиқат эди.

Шу маънода ШҲТнинг пайдо бўлиши Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг бевосита натижаси бўлди. Шунинг учун ШҲТнинг ташкил этилиши ва фаолиятидаги энг муҳим “қўшилган қиймат” биринчи навбатда унинг Марказий Осиёда барқарорликни мустаҳкамлаш ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссасидир, деб ҳисоблаш мумкин.

Бу тан олинган ва вақт синовидан ўтган ҳақиқатдир.

Бугунги кунда ШҲТнинг минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлашдаги салмоқли ҳиссаси кундек равшан бўлиб турибди. Унинг биринчи галда терроризм, экстремизм ва сепаратизм таҳдидларига қарши кураш соҳасида эришган муваффақиятлари аёндир. Айнан ШҲТ доирасида дунёда биринчи марта “терроризм” тушунчасини аниқлаб берган кўп томонлама ҳужжат – ШҲТнинг терроризм, экстремизм ва сепаратизм билан курашиш тўғрисидаги Конвенцияси 2001 йил 15 июнда ишлаб чиқилган эди.

Қароргоҳи Тошкентда жойлашган ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тизими бу йўналишда изчил иш олиб бораётир. Унинг мувофиқлаштирувида “уч ёвуз куч”нинг сабаблари, манбалари ва кўринишларига барҳам бериш бўйича биргаликдаги самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мунтазам равишда ШҲТ аксилтеррор машқлари, жумладан, террористик, экстремистик ва сепаратистик мақсадларда Интернет тармоғидан фойдаланишни аниқлаш ва бартараф этиш ҳамда наркотикларга қарши “Ўргимчак тўри” халқаро операцияси ўтказилмоқда.

Хавфсизлик кенгашлари котиблари, Мудофаа, ички ишлар вазирлари ва аъзо давлатларнинг гиёҳвандликка қарши кураш идоралари раҳбарлари йўналишида хавфсизликнинг кенг қамровли масалаларига алоқадор кўп қиррали мунтазам мулоқот қўллаб-қувватланмоқда.

Халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу соҳада ишчи гуруҳ фаолият кўрсатмоқда, Ўзбекистон томонининг фаол иштирокида Халқаро ахборот хавфсизлиги бўйича ҳамкорлик дастури тайёрланган ва қабул қилинган.

Шунга қарамасдан, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг минтақада барқарорликни таъминлашга қўшган ҳиссаси бу билан чекланиб қолмайди.

Ташкилотнинг амалий фаолиятида хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш таъминланиши масалаларига ўзаро боғлиқликнинг асосий таркибий қисмлари сифатида қаралади. Минтақада барқарорлик ва изчил тараққиёт сақлаб қолинишида ШҲТнинг муҳим роли ҳам айнан ана шундадир.

Минтақада ва унинг атрофида рўй бераётган ўзгаришларга қарамасдан, 20 йилдан ортиқ вақт давомида Марказий Осиё ШҲТнинг географик ядроси бўлиб қолмоқда. Минтақада барқарорлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш императив аҳамиятга молик бўлиб қолиши ва шу сабабли ҳам ушбу вазифалар бундан кейин ҳам ташкилотнинг диққат марказида бўлиб қолиши кераклиги юзасидан унга аъзо давлатлар ўртасида тўлиқ тушуниш мавжуддир.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 2021 йили Душанбеда бўлиб ўтган юбилей саммити декларациясида барча аъзо давлатлар етакчилари сўнгги пайтларда Марказий Осиё давлатлари томонидан минтақада барқарор ривожланиш ҳамда ишонч ва дўстлик маконини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни бир овоздан қўллаб-қувватладилар, минтақа мамлакатларининг барқарорлиги ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиши янада мустаҳкамланишида ШҲТнинг фаол ролини кенгайтириш ғоясини қўллаб-қувватладилар. Улар Ўзбекистон Президенти ташаббускорлигида йўлга қўйилган Марказий Осиё минтақаси давлат раҳбарларининг мунтазам маслаҳат учрашувлари ўтказилишини ҳам олқишлайди.

2017 йилдан буён кузатилаётган янги Марказий Осиё жараёнининг ШҲТ томонидан қўллаб-қувватланиши, шубҳасиз, минтақанинг ўзи учун ҳам, ташкилот ҳудудининг барқарорлик, ўзаро манфаатли тараққиёт ва самарали ҳамкорлик маконига айланиши учун ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан қараганда, халқаро сиёсий сўзлашувда нисбатан яқинда пайдо бўлган “Марказий Осиё руҳи” атамаси Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг доктринал асосини, яъни “Шанхай руҳи”ни мустаҳкамлайди ва бойитади, деб ҳисоблаш учун барча асослар мавжуддир.

Минтақадаги ва умуман дунёдаги тез ўзгарувчан вазият билан бирга ташкилотга аъзоликни кенгайтириш умуман олганда ШҲТ кун тартибига муайян тузатишлар киритиши ўз-ўзидан аёндир.

Бу объектив жараён, аммо бу ташкилотнинг минтақамиздаги ролини асло камайтирмайди. Ҳақиқатда эса ШҲТнинг “масъулият зонаси”га Жанубий Осиёдаги энг йирик давлатлар – Ҳиндистон ва Покистоннинг қўшилиши, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларининг ШҲТ орқали Яқин Шарққа кенгайишининг янги траекторияси мўлжалланиши фонида янги истиқболлар очилмоқда. У улкан Евроосиё маконида кўп тизимли ўзаро алоқаларни ривожлантиришда ўзаро манфаатли ташаббусларни биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун кучли кўп томонлама платформага – транспорт, инфратузилмалар, энергетикадан то “яшил" иқтисодиёт ва рақамли трансформациягача бўлган қирраларни қамраб олган майдонга айланмоқда.

- Шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон ва ШҲТ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳақида сўзлаб беришингизни сўраймиз...

- Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Ўзбекистоннинг кўп томонлама дипломатияси тизимида алоҳида ўрин тутади. Бу иккита муҳим жиҳат билан боғлиқдир.

Биринчидан, мамлакатимиз 1990 йиллар ўрталарида Хитой ва бир қатор собиқ шўро давлатлари (Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон) ўртасидаги чегара масалаларини ҳал қилиш учун яратилган «Шанхай бешлиги»да иштирок этмаган бўлса-да, минтақавий аҳамиятига кўра, юқорида айтиб ўтилган мулоқот платформасини кенг кўламли ташкилотга айлантиришда муҳим рол ўйнади.

Иккинчидан, Ўзбекистон ШҲТнинг олтита таъсисчи давлатларидан бири сифатида ташкилотнинг асосий тамойиллари ва таъсис ҳужжатларини ишлаб чиқиш, шунингдек, унинг институционал асосларини яратиш ва ривожлантиришда фаол иштирок этди.

Ушбу ташкилотга аъзо давлатлар мамлакатимизнинг энг яқин қўшнилари ва стратегик шерикларидир. ШҲТ доирасида кўп қиррали ҳамкорлик кўп томонлама минтақавий ва минтақалараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳамда ушбу давлатларнинг ҳар бири билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари тизимида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти очиқ, прагматик ва кенг кўламли манфаатли ҳамкорлик йўлини амалга ошириш нуқтаи назаридан кўп томонлама платформа сифатида ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Бинобарин, мамлакатимизнинг ШҲТга нисбатан замонавий стратегияси ташаббускорлик, конструктивлик, прагматизм ва ҳамкорликка очиқлик каби асосий тамойилларга асосланади.

Ўзбекистон, аввало, барча иштирокчи мамлакатларнинг ҳаётий манфаатларига жавоб берадиган истиқболли йўналишларда амалий ҳамкорликни ошириш орқали унинг эволюцияси янги шароитида ташкилотнинг салоҳиятини тўлиқ очиб беришдан манфаатдордир.

Давлатимиз раҳбари 2017-2021 йилларда ўтказилган ШҲТ саммитларида 50 га яқин муҳим ва долзарб ташаббусларни илгари сурди. Энг муҳими, ушбу таклифлар ШҲТнинг «йўл хариталари», меъёрий-ҳуқуқий, дастурий ва концептуал ҳужжатлари доирасида, шунингдек, кўп томонлама ҳамкорликнинг янги механизмлари шаклида изчил амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Президенти томонидан ташкилотнинг 2020 йилги саммитида билдирилган «ШҲТ ҳар биримиз кучли бўлган тақдирдагина кучли бўлади» ғояси республиканинг ушбу тузилмага хос «Шанхай руҳи»га мувофиқ конструктив ёндошувининг моҳиятини тўлиқ очиб беради.

Бундан ташқари, ўтган йилги Душанбе саммитида сўзлаган нутқида Ўзбекистон Президенти ШҲТга раисликнинг устувор йўналишларини тақдим этгани ҳолда ташаббускорлик ва очиқлик йўналишини яққол намоён этди. Ушбу ташаббуслар мамлакатимиз ички тараққиётининг асосий вазифалари ва халқаро ҳамкорлик соҳасидаги манфаатларини акс эттириши билан бирга ШҲТни ривожлантиришнинг янги босқичида мақсад ва вазифаларни муваффақият билан бирлаштиради.

Минтақалараро савдо, саноат кооперацияси, инновация, «яшил» ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш каби муҳим йўналишларда кўп томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш орқали ШҲТ салоҳиятини янада мустаҳкамлаш шулар жумласидандир.

Шунингдек, «Шанхай руҳи»ни халқ дипломатияси, туризм, дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, янги маданий-гуманитар ташаббуслар, ахборот-коммуникация технологиялари, кабағалликни қисқартириш, ўсимликлар карантини, ШҲТнинг глобал мавқеини мустаҳкамлаш ва унинг халқаро алоқаларини кенгайтириш каби истиқболли йўналишларда ҳамкорликнинг янги йўллари ва форматларини илгари суриш орқали ШҲТ кун тартибини бойитиш воситалари орқали амалга ошириш муҳимдир.

- Ўзбекистоннинг ташкилотга раислигидаги вазифа ва ташаббусларни батафсил тушунтириб берсангиз?

- Албатта, мен юқорида айтган ҳамма гаплар декларатив баёнотлар эмас, балки улар аниқ ҳаракатлар билан тавсифланади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг ШҲТга раислиги режасида 80 дан ортиқ йирик тадбирлар назарда тутилган бўлиб, бугунги кунга қадар уларнинг ярмидан кўпи амалга оширилди. Ушбу тадбирлар нафақат ШҲТда ўрнатилган ҳамкорлик йўналишларини, балки минтақалараро савдо, саноат кооперацияси, инновациялар, камбағалликни қисқартириш, рақамли трансформация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш каби янги соҳаларни ҳам қамраб олади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон томони ШҲТга раислиги доирасида ҳамкорликнинг бир қатор янги йўналишларини ишга солиб, унинг кун тартибини замонавий воқеликни ҳисобга олган ҳолда бойитишга ҳисса қўшди.

ШҲТ тадбирларини ташкил этишда янгича ёндошув ва форматлар жорий қилинди. Улар нафақат Тошкент шаҳрида, балки вилоятларда ҳам ўтказилмоқда. Бу эса ШҲТдаги ҳамкорларимизга минтақалармизда мавжуд бўлган ўзаро ҳамкорлик салоҳияти билан яқиндан танишиш имконини бермоқда. Шу тариқа Нукус, Бухоро ва Фарғона шаҳарларида ШҲТ Миллий координаторлари кенгашининг мажлислари ташкил этилди. Хивада ШҲТга аъзо давлатлар транспорт вазирларининг йиғилиши бўлиб ўтди (2022 йил 12 май) ва Бухорода камбағалликни қисқартириш бўйича халқаро конференция ўтказилди (26-27 май 2022 йил). Жорий йил август ойида Самарқандда ҳам бир қатор тадбирларнинг ўтказилиши режалаштирилган.

Бир вақтнинг ўзида вазирларнинг учрашув ва йиғилишлари, муайян мавзуни қамраб олган форум ва конференциялар ҳам ўтказилмоқда. Ўзбекистон раислигида ШҲТ Халқ дипломатияси форуми (2022 йил 11-12 май), Сайёҳлик форуми (2022 йил 20 май), Анъанавий табобат форуми (2022 йил 7 июнь), ташкилотга аъзо мамлакатларнинг ёш истеъдодлар ўртасида энг яхши стартап лойиҳалари танлови каби йирик тадбирларни ўтказиш ташаббуслари илгари сурилди ва аллақачон амалга оширилди.

Ушбу платформаларнинг барчаси долзарб кун тартиби билан тўлдирилган. Улар бўйича муҳим шартномалар тузилди, бундан кейинги қўшма режалар келишиб олинди – буларнинг барчаси ШҲТга аъзо давлатлар иқтисодиётининг пандемиядан кейинги тикланиши шароитида айниқса муҳимдир. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон томони жорий этган формат амалий натижаларга эришиш ва мамлакатларимиз ишбилармон доиралари вакиллари учун янги имкониятларни тақдим этади.

Албатта, Ўзбекистон раислигининг асосий йўналиши Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти бугунги кун тартибининг мазмун-моҳиятига қаратилган.

Давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон раислиги даврида илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш мақсадида 14 та янги концептуал ҳужжатлар лойиҳаси ишлаб чиқилди. Улар ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик соҳаларини мазмунан бойитиш ва институционал кенгайтиришга қаратилган.

Транспорт боғлиқлигини ривожлантириш бўйича ШҲТ стратегияси, Минтақалараро савдони ривожлантириш режаси, Инфратузилмани ривожлантириш дастури, «ШҲТ Эзгу ният элчиси» институтини ташкил этиш каби ШҲТ амалиёти учун янги ҳужжатлар лойиҳаларини алоҳида таъкидлаш зарур.

Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган барча ташаббуслар мантиқан ўзаро боғлиқ ва бир-бирини тўлдиради. Масалан, ички савдони ривожлантириш орқали савдо тўсиқларини бартараф этиш, техник регламентларнинг яқинлашишига ва божхона тартиб-таомилларини рақамлаштиришга эришиш мумкин. Ўзбекистон раислиги даврида шу ва бошқа масалалар нафақат вазирлар даражасидаги учрашув ва йиғилишлар кун тартибида акс этган, балки улар ШҲТга аъзо давлатлар ишбилармон доиралари иштирокидаги ШҲТ Иқтисодий форуми, Саноат янгиликлари ҳафталиги, Минтақалар раҳбарлари форуми, Саноат кооперацияси форуми, «Қуёшли Ўзбекистон» мева-сабзавотлари кўргазмаси каби қатор йирик тематик тадбирлар доирасида ҳам муҳокама қилинади.

Самарқанд вилоятида ташкил этилаётган «Ўзбекистон–ШҲТ» саноат зонаси ҳақиқатан ҳам инновацион лойиҳадир. Ушбу платформа Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ШҲТ мамлакатлари ишбилармон доиралари ўртасида саноат кооперациясини рағбатлантириш дастурини амалга оширишнинг самарали механизмига айлангани ҳолда юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун инвестициялар, технологик ва инновацион ечимларни жалб қилишга имкон беради.

Ўз навбатида, ШҲТ доирасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича Тошкент томонидан фаол илгари сурилган ташаббуслар ташкилотнинг кенг ҳудудида улкан транспорт ва транзит салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган.

Ушбу саъй-ҳаракатлар орқали Ўзбекистон ўз ҳамкорлари билан биргаликда ШҲТ имконияларидан фойдаланган ҳолда «Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой», «Термиз–Мозори-Шариф-Кобул–Пешовар», «Ланчжоу–Қашқар–Иркештам–Ўш–Андижон-Тошкент-Мари» ва ҳозирги геоиқтисодий шароитда ўзига хос стратегик аҳамиятга эга бўлган бошқа транспорт йўлакларини амалиётга тадбиқ этишни жадаллаштириш ниятида.

Ўзбекистоннинг ШҲТ маконидаги ўзаро боғлиқлик стратегияси Афғонистоннинг бутун Евроосиё учун ноёб иқтисодий ва транзит ролини тиклашга ҳам хизмат қилади.

Афғонистон минтақада узоқ муддатли хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг асосий омили эканлигига шубҳа йўқ. Афсуски, дунёда юз бераётган сўнгги воқеалар туфайли халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистонга бўлган эътибори бироз сусайди. Афғон халқининг фожеаси, агар улар гуманитар фалокат билан ёлғиз қолса, қочқинларнинг янги оқимлари, гиёҳванд моддалар таҳдидининг кўпайиши ва терроризмнинг кучайишига олиб келиши мумкин.

ШҲТнинг бирон-бир давлати Евроосиё марказида беқарорлик ўчоғининг янада ривожланишидан ва Афғонистон ҳудудидан қўшни давлатлар хавфсизлигига келиб чиқадиган таҳдиддан манфаатдор эмас. Бугунги воқелик ташкилотимиздан янада аниқ ҳаракатларни амалга оширишни ва Афғонистонни минтақавий ташаббусларга, шу жумладан, инфратузилма лойиҳаларига жалб қилишни талаб қилади.

Шу боис ШҲТ доирасида Афғонистоннинг урушдан кейинги ривожланиш стратегиясига доир консолидациялашган ёндошувларни ишлаб чиқиш, табиийки, мамлакатимизнинг ташкилотга раислигидаги асосий устувор йўналишлардан биридир.

Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон Президенти томонидан белгиланган ШҲТга раисликнинг асосий устувор йўналишлари барча томонларнинг манфаатларига тўла жавоб беради. Энг муҳими, ушбу йўналишлар ШҲТ маконида хавфсизлик, барқарор ривожланиш, дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган.

- Маълумки, жорий йил Ўзбекистон ШҲТ раиси сифатида ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари саммитига мезбонлик қилади. Билишимизча, ушбу учрашув шу йилнинг сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтади. Ушбу саммитга тайёргарлик ишлари ва бўлажак тадбирларнинг аҳамияти ҳақидаги фикрларингизни ўртоқлашсангиз...

– Тўғри, Ўзбекистоннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотидаги раислигининг асосий воқеаси - Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилиши тобора яқинлашмоқда. Унда ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий ва концептуал ҳужжатлар тўплами имзоланиши шубҳасиз.

Албатта, Саммитнинг Самарқандда ўтказилишида ҳам чуқур маъно бор. Ушбу кент қадимдан тарихий учрашувлар ва цивилизациялашган мулоқотлар маскани, маданий-гуманитар ўзаро боғлиқлик ва халқаро савдони ривожлантириш, яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш кўприги бўлиб келган.

Янги Ўзбекистоннинг фаол дипломатиясида Самарқанд мамлакатимизнинг энг муҳим халқаро ташаббусларини илгари суриш учун ноёб платформа бўлиб хизмат қилмоқда. Сўнгги йилларда шаҳарда «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мазусидаги халқаро конференция (2017), Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми (2018), Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми (2020) ва бошқа қатор йирик форумлар мувафаққиятли ўтказилди.

БМТ Бош котибининг махсус вакили ва БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман таъкидлаганидек, ушбу платформалардан олинган туртки ШҲТ маконининг жўғрофий ўқи бўлган Марказий Осиёда ҳамкорликнинг янги форматларини шаклланишига хизмат қилгани ҳолда яхши қўшничилик, дўстлик ва очиқлик муҳитида минтақавий ҳамда глобал ривожланишнинг долзарб масалалари муҳокамасини кўзда тутадиган «Самарқанд руҳи»да ўзининг яққол ифодасини топган.

Самарқанднинг ноёб мероси ва унинг янги бунёдкорлик қудрати ШҲТнинг ишонч, ўзаро манфаат, тенглик, маданиятлар хилма-хиллигига ҳурмат билан ёндошиш ва муштарак тараққиёт тамойилларига тўла мос келади.

Бугун, саммит арафасида Буюк Ипак йўлининг «марвариди» бўлган Самарқанд шаҳри кенг кўламли бунёдкорлик марказига айланди ва Евроосиё маконидаги йилнинг энг йирик сиёсий ва дипломатик форумини ўтказишга тайёрдир.

Самарқанд саммитида давлат раҳбарлари замонавий халқаро муносабатларни чуқур ўзгартириш нуқтаи назаридан ШҲТ олдида турган янги таҳдидлар ва вазифаларни муҳокама қиладилар, ташкилотни янада ривожлантириш учун тарихий аҳамиятга эга бўлган қатор муҳим қарорларни қабул қиладилар.

Саммит кун тартибидаги асосий масалалардан бири ШҲТни янада кенгайтириш ҳисобланади. ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш учун Эрон Ислом Республикасининг мажбуриятлари тўғрисидаги Меморандум имзолашга тайёр. Ҳужжат амалда ушбу йирик Яқин Шарқ мамлакатининг бизнинг ташкилотимизга тўлиқ аъзо бўлишига йўл очади.

Бундан ташри, ШҲТ фаолиятида тўлақонли аъзо, кузатувчи ва мулоқот бўйича шериклар мақомида иштирок этиш учун тақдим этилган 10 га яқин мамлакатларнинг аризалари кўриб чиқилади.

Саммит майдонида ШҲТ ва Араб давлатлари лигаси, ЮНЕСКО, ЭСКАТО ва бошқа бир қатор халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш бўйича Меморандумлар имзоланиши ҳам кутилмоқда.

Шу аснода Ўзбекистон раислигида бўлажак саммит «Шанхай саккизлиги» раҳбарларининг минтақавий ва глобал аҳамиятга молик долзарб масалаларни муҳокама қилишлари учун самарали платформа яратиб бериши алоҳида аҳамиятга эга.

Буларнинг барчаси Самарқанд саммити ШҲТнинг учинчи ўн йилликка киришини муносиб белгилагани ҳолда унинг ривожланишида янги босқич очишига ишонч уйғотади.

-Ҳурматли Владимир Имамович,  бизга вақт ажратганингиз  ва мазмунли суҳбатингиз учун миннатдорлик билдирамиз!

- Раҳмат.