dmf zakat 400x300

Айни кунда қишлоқ хўжалигини имкон қадар автоматлаштиришга қаратилган аграр секторга инновацион ғоялар ва технологияларни жалб этиш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир.

Қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ёрқин намунаси - Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан тасдиқланган Ўзбекистоннинг сув хўжалигини ривожлантириш концепцияси суғоришни ривожлантириш, сув инфратузилмасини яхшилаш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширишни назарда тутади.

Ушбу ҳужжатни амалга ошириш ва қишлоқ хўжалигига илғор технологияларни жалб қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг Киевдаги Элчихонасида "Фрегат корхонаси" ОАЖ вакиллари - корхонанинг бизнес раҳбари Артур Владимирович Черубимов ва қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиш бўлими бошлиғи Андрей Юревич Пославский билан учрашув бўлиб ўтди.

Таъкидлаш лозимки, "Фрегат корхонаси" Украинада суғориш техникасини ишлаб чиқарувчи таниқли корхоналардандир.

Учрашув давомида, Ўзбекистон Республикасида ўзиюрар пуркагичларни, яни паст осилган пуркагичлар тизими билан жиҳозланган ва Смарт-бошқарув автоматик дастури билан жиҳозланган янги авлод ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истиқболлари тўғрисида музокаралар бўлиб ўтди. Шуниси эътиборга лойиқки, ушбу ускуна турли хил ҳудудларда, ернинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ҳар хил тупроқли ва унумдор қатламнинг турли даражаларида ишлаши мумкин.

Учрашув давомида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини жадаллаштириш ва республикадаги қишлоқ хўжалик корхоналарининг миқдорий ва сифат кўрсаткичларини яхшилашга ёрдам берадиган инновацион ечимларни жорий этишнинг долзарблигини ҳисобга олган ҳолда ушбу соҳада инвестиция лойиҳасини амалга оширишни ўрганиш тўғрисида келишувга эришилди.