Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли, тизимли ислохотлар натижаси ўлароқ республика авиация саноатида катта ўзгаришлар рўй бермоқда.

Соҳа янги сифат даражасига кўтарилиб, авиация бозорини янада либераллаштириш, парвозлар географиясини кенгайтириш ва замонавий бошқарув усулларини жорий этишга қаратилган ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Ўз навбатида, миллий авиация саноатининг олдида турган долзарб вазифалардан бири халқаро ҳамкорликни жадаллаштирган холда, ҳорижий шериклар тармоғини кенгайтириш ҳисобланади.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво флоти куни арафасида Элчихонада APG Ukraine раҳбарияти билан учрашув ўтказилди.

Айтиб ўтиш жоизки, ушбу компаниянинг асосий фаолияти авиакомпанияларга даромадларни барқарор ўсишини таъминлашга қаратилган профессионал ва иқтисодий жиҳатдан самарали ечимларни топишда ёрдам беришдир.

Бугунга кунда APG Ukraine – дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатида етакчи савдо агентлари (GSA) тизимига эга APG глобал тармоғининг бир қисми сифатида фаолият олиб бормоқда. Учрашув давомида мамлакатларимиз ўртасида авиақатновни тиклаш, сайёҳлар оқимини ошириш, "очиқ осмон" тартиби доирасида Ўзбекистон минтақавий аэропортларига Украина лоукостер ва хусусий авиакомпанияларини жалб этиш каби бир қатор масалалар муҳокама қилинди.