Ҳаммаси нимадан бошланган?

Давлат хизматлари агентлигиИнсон ҳаёти давомида ҳар бир қадамида, жамиятнинг у ёки бу соҳасидаги ҳар бир ҳаракати билан давлат органларига мурожаат этишига тўғри келади. “Давлат — фуқаро” алоқаларининг шаффофлигини таъминлаш учун, 2017 йилда Олий Мажлисга Мурожаатномасида юртбошимиз давлат хизматлари тизимининг янги концепциясини илгари сурди.

Роппа роса уч йил аввал 12 декабрь куни давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини тубдан ислоҳ этиш сари дадил қадам қўйилди. Мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан янги ташкилотга асос солинди. Унинг асосий вазифалари этиб эса, бюрократия ва коррупцияни олдини олиш, халқимизнинг давлат органларига бўлган ишончини оқлаш қилиб белгиланди.

Бугунги кунда Давлат хизматлари марказлари аҳоли учун муҳим ва керакли бўлган давлат хизматларини олиши мумкин бўлган жойга айланишга улгурди.

Рақамлар сўзлаганда...

Мамлакатимизнинг ҳар бир туманида жами бўлиб 203 ДХМ ишлаб турибди. Бу ерда инсон кундалик ҳаётида зарур бўлган 150 турдаги давлат хизматларини ортиқча оворагарчиликсиз ва энг муҳими яшаш жойидан қатъий назар экстерриториал тамойили асосида олиши мумкин.

Бугунги кунда давлат хизматлари тизимига тегишли 70 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Бу, ўз навбатида, фуқаролар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар сонини 167тадан 79 тагага, хизмат кўрсатилиши учун талаб этиладиган муддатнинг эса қарийб 2 баробардан кўпроққа — жами 465 кундан 245 кунга қисқаришига имкон берди.

Ўтган 3 йил давомида Давлат хизматлари марказлари орқали 25 миллиондан ортиқ хизматлар кўрсатилди.

Хизмат олувчиларга қулай бўлиши учун, Марказлар иш кунлари узайтирилиб, шанба кунлари ҳам 15.00 га қадар хизмат кўрсатилиши йўлга қўйилди.

Халқаро эътироф

Давлат хизматлари кўрсатишда илк бор умумреспублика бўйича хизмат кўрсатишнинг экстерриториал тамойили ҳамда тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш билан бир вақтда банк ҳисобрақамларини очиш механизми йўлга қўйилиб, муҳр ва штамплардан фойдаланиш мажбурияти бекор қилинди.

Натижада Жаҳон банкининг эълон қилинган “Бизнесни юритиш 2020” рейтингининг Давлат хизматлари агентлиги масъул бўлган “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” индикаторида Ўзбекистон Республикаси 190 та давлатлар ичида 8-ўринни эгаллади.

Давлат хизматлари янада яқин

Давлат хизматлари агентлиги ҳар бир фуқаромиз, яшаш жойидан қатъий назар, сифатли давлат хизматларидан фойдланиши учун имкон яратишга алоҳида эътибор қаратади.

Хусусан, давлат идоралари ичидан биринчилардан бўлиб, Агентлик томонидан "мобиль", яъни сайёр давлат хизматлари тушунчаси халқ орасида танилди.

Дам олиш кунлари ДХМ ходимлари махсус техника билан жиҳозланган транспорт орқали бориш қийин бўлган чекка ва тоғли ҳудудда яшовчи аҳоли учун жойларга чиққан ҳолда зарур ҳужжатларни тақдим этишади. Шу кунгача мақбул, қулай ва шаффоф услублардан фойдаланган ҳолда республика бўйича 530 мингга яқин сайёр хизматлар кўрсатилди.

Туман марказидан узоқда (100-300 км) жойлашган ҳудудларда ҳамда аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, давлат хизматлари марказининг филиаллари фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда уларнинг сони 100 дан ошди, кўрсатилган хизматлар сони қарийб 80 мингдан ошди.

“Ҳужжатлар ҳаракатланиши” учун нима қилиш керак?

Барчага маълум, ДХМларнинг асосий вазифалари қаторида фуқароларнинг давлат идоралари вакиллари билан алоқасини имкон даражада камайтирадиган тизимни яратиш. Буларни амалга оширишнинг асосий мезони эса — давлат идораларининг архив ҳужжатларини рақамли кўринишга ўтеазиш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида зарур бўлган маълумотларнинг электрон тизимларини ташкил этишдан иборат.

Бошқа идораларга ўрнак бўлган ҳолда ДХА рақамлаштириш ишларини ФҲДЁ органларидан бошлади. Бунинг учун махсус рақамлаштириш ускуналари ишга солинди.

Натижада, бугунги кунда ФҲДЁ органларининг мавжуд 60 миллионга яқин архив маълумотларининг 90 фоизидан ортиғи рақамлаштирилди.

Яна қандай қулайликлар бор?

Давлат хизматларини масофадан олиш янада қулай бўлиши учун Агентлик мутахассислари томонидан электрон рақамли имзони онлайн олиш имконияти яратилди.

Фарзанд туғилганлигини расмийлаштириш учун ФҲДЁ органларида композит (бирлаштирилган) хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилганлиги ҳам навбатдаги қулайликдир. Яъни, туғилишни қайд этиш, болани поликлиникада рўйхатга қўйиш, турар жойи бўйича ҳисобга олиш, бир марталик нафақа пулини тайинлаш ҳамда давлат мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйиш хизматлари бир вақтнинг ўзида амалга оширилади.

Композит давлат хизматлари кўрсатилишининг йўлга қўйилиши билан 15 дан ортиқ ҳужжат қисқариб, 4 та идорага боришга чек қўйилди. Ушбу хизмат ишга туширилганига ҳали кўп вақт бўлмаган бўлсада, бугунги кунга қадар 100 мингга яқин фуқаро ушбу қулайликдан фойдаланишга улгурди.

Тадбиркорлик соҳасида ҳам бир мунча жараёнлар осонлашди.

Масалан, эндиликда бизнесни рўйхатдан ўтказиш билан бир вақтда 30 та тижорат банкларда ҳисобрақам очиш имконияти мавжуд. Юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш билан бир вақтда ходимларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш, шунингдек, электрон рақамли имзо олиш ҳам мумкин бўлади.

Давлат хизмати учун тўлов қилишдаги муаммоларни бартараф этиш учун марказларда pay.davxizmat.uz электрон тўлов тизими орқали нақд пул қабул қилиш механизми жорий этилгани ҳам тизимдаги муҳим янгиликлардан биридир.

Давлат хизматлари кўрсатилишининг хар бир босқичида тўланган пул маблағлари ҳақидаги маълумот мурожаат муаллифларининг телефон рақамларига смс-хабар тарзида келади.

Жорий йилнинг ноябрь ойидан бошлаб айрим туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказларида синов тариқасида “surdo-online” планшетлари ишга туширилди. “Surdo-online” планшетлари интернетга уланган бўлиб, бевосита онлайн тарзда эшитиши ва гапиришида нуқсони бор шахслар билан тўлақонли мулоқотни таъминлайди.

“Қарши тажрибаси” ҳақида нима биласиз?

 “Қарши тажрибаси” асосида давлат хизматларидан фойдаланиш кўникмаларини маҳаллаларда, шунингдек вояга етиб келаётган ёшларда ҳам тўлиқ тушунча ҳосил бўлишига ҳаракат қилинмоқда.

Давлат хизматлари марказларида интернетга уланган компьютерлар ёрдамида марказларга ташриф буюрган фуқароларга, уларнинг хоҳишига кўра, электрон хизматлардан фойдаланиш тартиби тушунтирилмоқда. Электрон давлат хизматларидан фойдаланиш билим ва кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича жойларда маҳалла фуқаролари йиғинлари ҳамда таълим муассасалари масъул ходимлари учун "ДХМ—Маҳалла—Фуқаро" тамойили асосида маҳорат дарслари йўлга қўйилди.

Албатта соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам бор. Давлат хизматлари агентлиги тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш бўйича ишларни давом эттиради...



                                                            Давлат хизматлари агентлиги

                                                            Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими