Маълумки, сўнгги йиллар давомида мамлакатимизда сайёҳлик жабҳасини равнақ топтиришга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Бунда зиёрат туризмини ривожлантириш алоҳида ўрин тутади.

Ўзининг бой тарихи, маданияти, жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган кўплаб олим ва мутафаккирлари, бетакрор маданий мероси, кўҳна меъморий обидалари, пазандачилик ва халқ амалий санъатига эга бўлган Ўзбекистон зиёрат сайёҳлиги йўналишида ҳам улкан салоҳиятга эга экани халқаро миқёсда ўз эътирофини топган.  

Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мамлакатимизда сайёҳликнинг мазкур йўналишини ривожлантириш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Республикамиз ҳудудида турли динларга оид маданий мерос объектларининг мавжудлиги  Ўзбекистонда зиёрат туризмини кенг тарғиб қилишга, бу йўналишда хорижий сайёҳлар оқимини оширишга сабаб бўлаётган муҳим омиллар сирасига киради. Мамлакатимиздаги зиёрат туризми учун ҳар жиҳатдан мос келадиган жами 622 та маданий мерос объектининг 595 таси ислом динига, 19 таси насронийлик, 8 таси эса буддавийлик динига мансубдир.

- Мамлакатимизда буддавийларнинг бошқа мамлакатларга саёҳатини ташкиллаштирувчи ўнлаб сайёҳлик агентликлари мавжуд, - деб таъкидлади «Чогье» буддавийлар ташкилоти вакили Юн Юнг Хи (Жанубий Корея). – Биз зиёрат туризми йўналишида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз ва манфаатдормиз.

Мамлакатимиз ҳудудида яшаб ижод қилган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбандий, Хўжа Абдуҳолиқ Ғиждувоний, мусулмон оламидаги бошқа қатор машҳур аллома ва мутафаккирлар мақбаралари мусулмон динига эътиқод қиладиган кўплаб сайёҳларнинг диққат-эътибори марказида бўлган қадамжолар ҳисобланади.  

- Ўзбекистон дунё сайёҳлари учун муҳим манзил бўлган диёрдир, - деб таъкидлади «Damga» газетаси муҳбири Мурат Палавар (Туркия). - Мамлакат зиёратчиларни жозибадор муҳити билан ҳайратга солади. Феруза ранглар билан жилоланган тарихий масжидлар, мадрасалар, тарих қаърига элтувчи карвонсаройлар ҳар қандай сайёҳни ром этиши табиий. Мамлакат туризм имкониятлари билан бир қаторда асрлар оша сайқаллашиб келаётган миллий урф-одатлар ва қадриятлар ҳам меҳмонлар эътиборини тортади.

Шуни қайд этиш жоизки, мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ўзининг амалий самараларини бермоқда. Бунга сабаб бўлаётган омиллар эса талайгина.

Энг аввало, юртимизга зиёратчи сайёҳларни жалб қилиш бўйича қабул қилинган ҳужжатларга биноан, қатор мамлакатларга визасиз режимнинг жорий этилганини қайд этиш жоиздир. Бунинг натижасида 2018-2019 йилларда Ўзбекистонга Индонезиядан келган сайёҳлар сони 170 фоиз, Малайзиядан 158 фоиз, Туркиядан 154 фоиз ва БААдан 153 фоизга ўсди.

Шунингдек, ҳалол туризм бўйича Сингапурда жойлашган жаҳоннинг нуфузли ташкилоти бўлган “Crescent Rating” агентлиги билан 2018 йилда яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Crescent Rating ва Mastercard ташкилотлари томонидан ҳар йили эълон қилиндиган “Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси” (Global Muslim Travel Index) рейтингида мамлакатимиз 32-ўриндан 22-ўринга кўтарилди ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида сайёҳларни жалб қилаётган “энг жозибадор” ҳамда “хавфсизлик ва бағрикенглик даражаси юқори” бўлган 10 та мамлакат қаторидан ўрин олди.

“Crescent Rating” агентлиги маълумотномаларида қайд этилишича,  2026 йилга қадар дунё бўйлаб ҳалол туризм йўналишида 230 миллион сайёҳ бўлиши тахмин қилинмоқда. “Pew Research Center” тадқиқот маркази 2050 йилга келиб дунё аҳолисининг деярли 30 фоизи мусулмонлардан иборат бўлишини ҳисоблаб чиққани ҳам назарда тутилар экан, мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш қай даражада муҳим эканлиги яна бир бор аён бўлади.

- Санкт-Петербург ва Россиянинг Шимоли-Ғарбий округи мусулмонлари диний идораси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан зиёрат туризми, ислом қадамжоларини зиёрат қилиш йўналишидаги саъй-ҳаракатлар фаол ривожлантирилмоқда, - деди Санкт-Петербург ва Россиянинг Шимоли-Ғарбий минтақаси мусулмонлари диний идораси раиси шайх Равиль ҳазрат Панчеев. – Шу маънода, Ўзбекистон ўзининг тарихий ва муқаддас обидалари билан алоҳида мавқега эга. Мамлакатингизда Бухоро, Самарқанд, Хива ва бошқа зиёрат қилинадиган табаррук шаҳарлар кўп.

Мамлакатимизда туризм соҳасини янада ривожлантириш ва ушбу йўналишда хорижий мутахассислар тажриба алмашиш мақсадида 2019 йил 21-23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида I Халқаро зиёрат туризми форуми ўтказилди. Мазкур анжуманда 130 дан зиёд мамлакатнинг туризм ҳамда дин соҳаси олимлари ва мутахассислари иштирок этди. Форум тадбирлари дунёнинг 20 дан зиёд ОАВ ва интернет тармоқлари орқали кенг ёритилди. Тадбир якунида қабул қилинган “Бухоро декларацияси”да Ўзбекистон зиёрат туризми марказларидан бири сифатида эътироф этилди.

- Ўзбекистон очиқ осмон остидаги музейга ўхшайди, - дейди Анқара университети Илоҳиёт факультети профессори, мотуридийшунос олим Сўнмез Кутлу (Туркия). - Бу заминда ўзингизни ёлғиз ҳис қилмайсиз. Мен Ўзбекистонга борганимда ўзимни худди туғилиб ўсган Эрзинжан вилоятида юргандек ҳис қилдим. Мамлакатдаги ҳар бир гўша ва анъаналар қадрдондек, танишдек туюлаверади. Мен барча дўстларимга ҳеч ўйлаб ўтирмасдан Ўзбекистонга боришни, ушбу юртдаги муқаддас қадамжоларни  зиёрат қилишни тавсия этаман.

Шу билан бирга, 2020 йилда Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) томонидан Бухоро “Ислом олами маданияти пойтахти” деб эълон қилингани муносабати билан онлайн шаклда илмий конференция ва мулоқотлар ҳам ўтказилди.

Сўнгги йилларда хорижий мамлакатлардаги тасаввуф йўналиши вакилларининг юртимиздаги “Етти пир” ва Нақшбандия тариқатига оид зиёратгоҳларга қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Малайзияда жойлашган “World Sufi Centre” жамияти билан биргаликда 2018-2019 йилларда анъанавий тарзда ўтказилган Нақшбандия фестивалига хориждан 500 дан ортиқ иштирокчи келди. Кейинги йилларда янада кўпроқ хорижий сайёҳни жалб қилиш мақсадида ушбу зиёратгоҳларда кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилди, уларда зиёрат амалларини бажариш учун таҳоратхоналар, замонавий информацион технологиялар, сенсорли инфокиосклар ўрнатилди, янги музей ва кутубхоналар, овқатланиш шохобчалари барпо этилди.

Шунингдек, мамлакатимизнинг бошқа сайёҳлик объектларида ҳам зиёратчилар учун тегишли шароитлар ва қулайликлар яратилмоқда. Меҳмонхона ва овқатланиш масканларини “ҳалол” сертификатлаш йўлга қўйилди. Республиканинг халқаро аэропортлари ва темир йўл вокзалларида ибодат қилиш ва таҳорат олиш учун махсус жойлар ташкил қилинди. Шу тариқа мустақил зиёратчилар ёки “Умра+” каби катта гуруҳдан иборат сайёҳларни кутиб олиш имкониятлари яратилди.

Мамлакатимизнинг Ислом цивилизацияси маркази сифатидаги обрў-эътиборини тарғиб этиш бўйича ҳам халқаро миқёсда эътиборга молик  ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Дубай, Аланья, Қозон, Жакарта ва Сингапур шаҳарларида ўтказилган кўргазма ва конференциялар доирасида, шунингдек, Туркиянинг «TRT Avaz», Индонезиянинг «Trans7», «NetTV», «SCTV», Малайзиянинг «AlHijrah», Сингапурнинг «HalalTrip» ва бошқа хорижий медиа-платформалар орқали тарғибот ишлари амалга оширилди. Натижада, “Mastercard-Crescentrating Halal Travel Frontier 2020” ҳисоботида исломий меросни қайта тиклаш орқали мусулмонлар туризми бозорида Ўзбекистон янги трендга асос солган мамлакат сифатида бутун дунёга эълон қилинди.

Афсуски, коронавирус пандемияси туризм соҳасига ҳам ўзининг салбий  таъсирини кўрсатди. Шунга қарамасдан давлатимиз раҳбарияти томонидан пандемия шароитида мамлакатда туризм соҳасини ривожлантириш ва пандемия билан боғлиқ муҳитнинг юмшаши билан мамлакатимизга сайёҳларнинг ташрифини жадаллаштириш йўналишида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, зиёрат мақсадида ташриф буюрувчи сайёҳлар учун шарт-шароит ва қулайликлар яратиш, туристик объектларни қайта таъмирлаш, ҳалол овқатхона ва яшаш жойларини яратиш, сайр қилиш ҳудудларини тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат. Мамлакатимизда зиёрат туризмини изчил равишда ривожлантириш мақсадида турли мамлакатлар мусулмонлари, яъни салоҳиятли зиёратчиларнинг мамлакатимизнинг муқаддас жойлари тўғрисидаги хабардорлигини оширишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатия ваколатхоналарида мунтазам равишда кенг кўламдаги тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, виза тизими бекор қилинган қатор мамлакатларда тарғибот ишларини жадаллаштириш мақсадида “Ўзбекистонннинг туризм бренди элчиси” институти жорий этилди. Унга мувофиқ, Хай Давидов (Исроил), Софи Ибботсон (Буюк Британия), Махд Асри Заинал Абидин (Малайзия), Хасиб Ур Раҳмон (Покистон), Эко Шри Маргианти (Индонезия) туризм элчиси ва зиёрат туризм элчиси мақомига эга бўлди. Улар ўз мамлакатларида Ўзбекистоннинг ижобий имижини тарғиб қилиш, маҳаллий оммавий ахборот воситаларида турли мақола ва интервьюлар чоп этиш ҳамда юртимизга сайёҳларни жалб этишга хизмат қиладиган бошқа муҳим ишларни амалга оширмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда комил ишонч билан айтиш  мумкинки, Ўзбекистон туризмнинг барча йўналишларини ривожлантириш ва хорижий сайёҳларни жалб бўйича дунёда етакчи мамлакатлардан бирига айланмоқда. Сайёҳлик жабҳаси доимий изланиш, инвестиция киритиш, замонавий технологиялардан унумли фойдаланишни талаб этади. Шу боис Ўзбекистон учун ушбу стратегик муҳим бўлган соҳани янада ривожлантириш, мамлакатимиз бағрида жойлашган тарихий ва маданий меросни кўз қорачиғидек авайлаб асраш фавқулодда муҳим аҳамиятга эгадир.